Сирдарё вилояти ҳокими ота-оналарга мурожаат қилди

21:05 15 Сентябр 2020 Жамият
217 0

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ота-оналарга мурожаат қилди.

"Ҳурматли ота-оналар!

Авваламбор, сизларни азиз фарзандингиз ўрта таълим масканини битириб, ёруғ орзу-умидлар билан катта ҳаёт остонасига қадам қўяётгани билан чин дилдан табриклайман.

Бугун юртимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари ва топшириқлари билан ёшларимизни чуқур билим ва малакага эга бўлган, етук ва баркамол шахс этиб тарбиялашга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу мақсад йўлида таълим тизимининг барча бўғинларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сизнинг жондан азиз ўғил-қизларингиз ҳам ўзининг эзгу орзу-мақсадларига эришиб, жамиятда муносиб ўрин топишига ишончимиз комил. Албатта, бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.

Агар фарзандингиз олий ўқув юртида таълим олишни мақсад қилиб, талабалик бахтига муяссар бўлса, унинг юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган.

Олий ўқув юртларига ҳужжат топширмаган ёки тест синовларида етарли балл тўплай олмаган ёшларимизни иш билан таъминлаш кафолатини шахсан мен ҳудуд раҳбари сифатида ўз зиммамга оламан. Шу мақсадда махсус «Ёшлар дафтари» асосида ҳар бир ёшнинг меҳнат фаолиятини назоратимга оламан.

Шу билан бирга, фарзандларимизнинг хоҳиш ва истакларига қараб, улар профессионал таълим муассасаларида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларга эга бўлишлари учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.

Агар фарзандингиз хорижий мамлакатларда ишлаш ниятида бўлса, давлатимиз томонидан Мудофаа вазирлиги тизимида йўлга қўйилаётган янги тартибга кўра, улар учун қисқа муддатларда замонавий касб-ҳунар эгаллаш ва хорижий тилларни ўрганиш имконияти яратилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад - фуқароларимизни чет давлатлардаги компанияларга махсус тайёрловдан ўтган ва марказлашган ҳолда ишга юбориш, уларнинг ўз меҳнатига яраша муносиб ҳақ олиши ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдан иборатдир.

Хорижда ҳалол меҳнат қилиб, даромад орттирган ёш мутахассисларимиз ва уларнинг оилаларига юртимизда имтиёзли ипотека кредитлари асосида замонавий уй-жойлар қуриб берилади.

Азиз ота-оналар!

Сизларни жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган соғлом ва билимли фарзандни тарбиялаб камолга етказганингиз билан табриклаб, ўғил-қизларимизнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун маҳаллий ижро органи раҳбари сифатида мен ҳам масъул ва жавобгар эканимни яна бир бор таъкидлайман.

Сизларни ишонтириб айтаманки, ёшларимизнинг билим олиши, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш ва уй-жой билан таъминлаш ҳамда ўз бизнесларини йўлга қўйиши борасида биргаликда ҳаракат қилиб, бамаслаҳат иш олиб борамиз.

Шу тариқа келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни, уларнинг ҳурматли ота-оналарини рози қилган бўламиз.

Ана шу эзгу мақсад йўлида барчангизни ҳамкорликка чақираман" дейилади вилояти ҳокими мурожаатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?