Сирдарё вилояти ҳокими: “Биз иккинчи Америка бўламиз”

20:18 22 Август 2019 Жамият
772 0

Аҳолиси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келиб қўним топган Сирдарё вилояти Америкага қиёсланди. Бу ҳақда 22 август куни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев I Халқаро инвестиция форуми доирасида журналистлар билан мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Форумда вилоят ҳокими мамлакатдаги иқтисодий жиҳатдан қуйи ўринларда турувчи Сирдарё вилоятига раҳбар этиб тайинланиши ҳақида гапириб берди.

«Сирдарё чўлларини обод қиламан, деб водий, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, қўйингки, Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидан аҳоли вакиллари келган. Шунинг учун кўпчилик менга ушбу вилоятда ишлаш қийин бўлади, деб айтганди. Мен уларга, демак, биз иккинчи Америка бўлар эканмиз-да, деб айтганман. Сабаби Америка ҳам турли минтақалардан келганлар жамоасидан ташкил топган», — деди Мирзаев.

Гулистон шаҳрида бўлиб ўтаётган I Халқаро инвестиция форумида 200 дан ортиқ хорижий компания раҳбарлари иштирок этмоқда. Ушбу форумда 200 миллион доллардан ортиқ инвестицион ва экспорт шартномалари имзоланиши режалаштирилган.

Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда 11 та маъмурий ҳудуд мавжуд: 3 та шаҳар ва 8 та туман. Аҳолиси кўп миллатли бўлиб, 840 мингга яқин киши истиқомат қилади.

Ғофуржон Мирзаев 2016 йил 15 декабрь куни Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?