Сирдарё симфонияси

10:18 25 Сентябр 2019 Маданият
318 0

Сирдарёнинг ўз қўшиғи бор.

Эшитганмисиз!

Тун. Сукунат.Соҳил...Сувнинг нотага тушмас шилдир-шилдирига қулоқ тутганмисиз?

Тўлқинлар мавжида ҳам бирам оромижон,бирам оҳанрабо сас борлигини биласизми?

Бу узлуксиз табиий мусиқанинг ибтидосиузоқ-узоқларда, музликлардан эриб тушган қайсидир томчининг тоғу тошларга урилганидаги “чак-чак”идан эканлигини-чи?!

... Аммо биласизки, азим дарё, алп дарёнинг қадим қўшиғи бугун Сирдарё кенгликларида – нурли Шириндан чакалакли, тўқайли Қолгансиргача, осори атиқали Эски Ховостепадан ҳали ҳануз сувли, виқорли Ёғочли Сардобагача баралла таралмоқда, ҳаётбахш оҳанглари воҳага янги-янги муждалар келтирмоқда.

Ўша хушнуд хабарлардан биласизки, бугун Сирдарё бир вақтлардагидек иқтисодиёти фақат ерга қараган вилоят эмас.Буни энди одатда унга нисбатан айтилиб келинган“аграр вилоят” деган таърифнинг - ҳам ёзма,ҳам оғзаки истеъмолдан чиққанидан англайсиз, шубҳасиз.

Ҳа,энди Сирдарёнинг саноат мундарижасида атиги ягона гиганти- иссиқлик электростанцияси эмас, ўнлаб йирик корхоналар бор.Воҳа шимолидаги забардаст индустриал ҳудуд- Сирдарё эркин иқтисодий зонасининг ишлаб чиқариш қудрати йил сайин кучаймоқда, қулочи узоқ-яқин хориж мамлакатларигача кенг ёзилмоқда. Унда ўзимизнинг қумдан тайёрланаётган ранго ранг тусли кафеллар кошоналарга поёндоз бўлмоқда, шиша идишларнинг шақир-шуқури биллур финжонларники каби ажиб бир садо таратмоқда.Шу яқин атрофда бир эмас, бир неча дори –дармон корхоналаридаги тинимсиз ҳаракат эса вилоятнинг мамлакат фармацевтика саноатининг марказлари сирасига кираётганидан дарак беради. Ва бу соҳа Президентимиз Фармони асосида берилган“Сирдарё фарм” эркин иқтисодий зонаси мақоми остида тобора жадал ривож топмоқда.

Бугунги ёшларга кекса авлоднинг бутун Ўзбекистон халқи сингари, сирдарёликлар ҳам бир вақтлар 500 минг тоннадан ошиқ пахта етиштирса-да оддий чит матосини олиш учун турнақатор навбатда тургани ҳақидаги ҳикоялари эртакдек туюлиши, табиий.

Ёки эҳтиёт шарт: тақчиллик туфайли бобо-бувиларимизнинг сўнгги кийимлигим деб сандиқ тагига оқ сурп ташлаб қўйганларини билишадими, бахтиёр авлодларимиз.

Шукрки, энди улар учун яқин ўтмишнинг мазкур маҳзун манзаралари бутунлай бегона.Негаки, Сирдарёда ҳам кўплаб тўқув-тикув корхоналари пайдо бўлди.Пахта толасини тайёр маҳсулотга айлантириш кўрсаткичи йил оша ортиб бормоқда. Енгил саноатники қаторида яна ўнлаб, юзлаб турли-туман Сирдарё маҳсулотлари савдога чиқарилмоқда. Ҳатто, бир вақтлар фақат хориждан келтириладиган кроссовкалар ҳам ўзимизда –Гулистонда тайёрланмоқда.Энди дўконларда аввалгидек, “Импортнийми?” ўрнида “Ўзимизникими?” деган сўров устувор бўлмоқда.

Қувонса арзийди: “Madi in Uzbekistan” ёрлиғининг дунё бозоридаги расталарида Сирдарёнинг ҳам ўнлаб маҳсулотлари бор.Ҳатто Мирзачўл қовуни ҳам аллақачон Европа, Осиё, Америка дастурхонларига етиб борди...

Мирзачўл қовуни... Биламизки, машҳур Самарқанд нони бошқа жойда ёпилганда ҳечам ўз ватани - кўҳна шаҳарникичалик бўлмайди. Бу ҳақда ибратли ҳикоят ҳам бор.Шу маънода Мирзачўл қовуни ҳатто Сирдарёнинг тупроғидан олиб бориб экилганда ҳам,ўзга юртда мана шу шурҳок, аммо саховатли заминимизда пишгандек таъм бермайди, келбати халқ берган ном “торпедо”дек савлатли бўлмайди.

Юқоридаги фикр тўқсонинчи йилларда Американинг Калифорниясида ўз исботини топган. Гап шундаки, буни Мирзаобод туманилик бир гуруҳ деҳқонлар океан ортилик ишбилармоннинг таклифи билан унга қовун етиштириш агротехникасини ўргатиш учун ўша штатдаги даласига борганда амалда кўп бора синаб кўришган: “америкалик” қовунимиз семириб катта бўлмаган, аслидек ранг олмаган,етарли даражада мусаввирона нақш -тўр ҳосил қилмаган,эти шира боғламаган.

Яна ана шу неъматимиз экспорти билан шуғулланаётган юртдошимиз айтадики,Европада бир вақтда бир неча давлатлар қовуни савдода бўлса, Ўзбекистонники тугамагунча бошқаларникининг бозори касод бўлиб турар экан.Қарангки, ўша машҳур “Торпедо” 2019 йилнинг 23 августида Сирдарё вилояти тарихида илк бор ўтказилганI Халқаро инвестиция форумининг катта саҳнасига ҳам олиб чиқилди- таъбир жоиз бўлса, у йирик анжуманда Сирдарёнинг файзу баракаси рамзи сифатида намойиш этилди.

... Сирдарё тўлқинларидан таралган садоларнинг Гулистоннинг мовий белбоғи- Дўстлик каналида ҳам такрорланишидан хабарингиз борми?

... Лекин, айни мана шу йирик ирригация тармоғининг кеча яқингача вилоят маркази тупроғини сизот сувлар билан “тўйинтириб” турганидан-чи?

Ғўжғон пашша-ю чивинларнинг “ғунғир-ғунғир”и Сирдарёнинг ҳаётбахш қўшиғига парда тортганидан-чи?

Айни муаммонинг қанчалик катта бўлганлигини тасаввур қилиш учун иккита далил: гидролог-мутахассисларнинг айтишича,канал йилига 2,5 миллиард метр куб сув ўтказар экан. Қарангки, узани бетонлаштирилмаган, атрофидаги очиқ ва ёпиқ коллекторлар турли иморатлар остида қолган ана шу улкан сув иншооти Гулистондан бир неча метр баландликдан оқиб ўтади.

Аёнки, бу ҳолат узоқ йиллардан буён шаҳар ерларининг мелиоратив ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб келар эди. Қирғоғи ва унинг атрофи эса қамишу янтоқ, юлғун босган кўримсиз жойлар, чивинлар, турли ҳашаротлар, каламушу юмронқозиқлар макони эди.

Шукрки, сўнгги йилларда “Дўстлик”каналининг шаҳардаги узани бетон билан қопланди. Мазкур ирригация-мелиорация тадбирлари энг замонавий технологиялар асосида бажарилди. Натижада каналдан сувнинг сизиб ўтиши бутунлай барҳам топди. Реконструкциядан сўнг нафақат сизот сувлар сатҳи пасайди, балки канал соҳиллари ва чор атрофи чирой очиб одамларнинг сайлгоҳ манзилларидан бирига айланди. Чиройли фонуслар соҳил бўйини кундузгидек чароғон этди. Ҳолбуки, аввал бу ерлардан юришга кундузи ҳам равон йўл топиш мушкул эди

Яна бир жиҳат,шаҳардаги мавжуд тик дренажларнинг деярли ҳаммаси тўлиқ ишга туширилди.Шунга уйғун равишда улар сипқориб олаётган ерости сувларини чиқариб юборишга хизмат қиладиган қувурлар тизими ҳам бутунлай янгиланди.Қолаверса, шаҳар атрофидаги барча очиқ коллекторлар тозаланиб, сувнинг равон оқиши таъминланди.

- Кўп йиллар қурувчилик касбида ишлаганман,-дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Анвар Қурбонов.-Маълумки,кўпқаватли бинонинг тагзамини учун камида икки метр чуқурликдаги ҳандақ кавланади.Бу ишни бажаришда ҳам сизот сувлар муаммосига дуч келардик. Нега десангиз, қурилиш қилинадиган майдонни сал қазисангиз, тез орада кўлмак пайдо бўлар эди.Шу боис уни ҳар доим насос билан тортиб туришга мажбур эдик.Яқинда турар –жойлар қураётган ҳамкасбларим ҳузурига бордим. Ҳандақларни кузатсам, сув тугул, нам ҳам кўзга ташланмайди. Қурувчилар қунт билан, ўз ишларини ҳеч қандай қийинчиликсиз, пухта бажармоқда. Яна авваллари кўкламда ўтқазилган кўчатимизнинг барг ёзиб амал олишидан кўп ҳам хурсанд бўлавермас эдик. Боиси, саратонга келиб, илдизи ерости сувига етгач, тўсатдан қуриб қолиши одатий ҳол эди. Энди эса аксинча, эккан ниҳолимиз борки, гуркираб ўсмоқда.

Анвар аканинг ғишт териб юрган кезлардаги бир орзуси бор эди, бу ҳам бўлса Гулистонда ҳам баланд иморатлар қуриш. Шаҳар бағридан нам қочирилгач, унинг бу ниятини амалга ошириш имконияти ҳам яратилди: вилоят марказида 5-7 қаватли бинолар пайдо бўлди. ”Буюк келажак”номли ҳам бўйдор, ҳам салобатли шаҳар ичидаги шаҳарча бунёд қилинди.

...Равил ака асли Сирдарё фарзанди.Анча йил бурун тарихий Ватани Татаристонга кўчиб кетган. Яқинда у Гулистонга келди. Тақдир тақозоси экан, киндик қони томган манзилга энди меҳмон сифатида ташриф буюрди.Эски қадрдонлари, қиёматли қўшнилари ўша очиқ чеҳра, ўша самимий меҳр-оқибат билан кутиб олишди.Кўзларида соғинч ёшлари ҳалқаланди. Кўнгил кенгликларида узоқ вақтдан буён йўқотган энг азиз нарсасини топганда кечадиган бир ёқимли туйғу, таскинни ҳис қилди.Аммо Гулистон...

...Равил ака ўзи билган шаҳарни тасаввурига келтириш учун “Юрт байроғи” майдонидаги ўриндиқда атроф жавонига узоқ термилди, лекин нигоҳига қадалган бир-биридан кўркам манзаралар олдида хотира сандиғи калитини топишнинг иложи бўлмади.Энди у билган, болалиги, навқиронлигини ўз бағрига сингдирган Гулистон, худди мана шу майдон, айни вилоятнинг юраги бўлган манзил теграсида ҳовлиларини қамиш босган пастқам уйлари, тор ва қоронғу кўчалари, меъморий қиёфаси деярли бир хил бўлган кент ўрнида бутунлай бошқа- номига яраша райҳонли, гулзорли, нафосатли, маҳобатли, сўлим ва кўркам- янги бир шаҳар пайдо бўлганди.Ва беихтиёр забонида “Қоил!” деган эътироф такрор-такрор айланди.

Ишонинг, янгиланган ва янада янгиланаётган Гулистон нафақат Равил ака сингари узоқ вақт келмаганларни, ҳатто шу атрофдан икки –уч ой асносида шаҳарга қадам қўймаганларни ҳам ҳайратга солмоқда. Чунки у, кун сайин, ой сайин ўзига зеб бермоқда, чирой очмоқда. Меҳмонларни ҳайрону ҳайратда қолдирадиган масканлари кўпаймоқда. Муболаға эмас, қачонлардир танлаш имконияти чекланган шаҳар рамзи мақоми энди бири биридан гўзал иморатлару майдонлар аро талаш бўлмоқда. Улардан бири ҳеч шубҳасиз, меъморий ечимига ўзбекона, шоирона руҳ бахш этилган, ҳавоси райҳону жамбиллар, гулу гулзорлар ифорига тўлиқ - Алишер Навоий номидаги “Билимдонлар маскани”дир. Бу бетакрор маскан энди энг яхши кунларимиз, ютуқларимизни очиқ осмон остида, элу халқ билан биргаликда тантана қилишдек тенгсиз завқу шукуҳни ато этган, Гулистонимизнинг, Сирдарёмизнинг ташриф қоғозларидан бирига айланган гўшадир. Унга ёндош театр, “Юрт байроғи” “Хотира”майдонлари, “Амфитеатр”, янгиланган истироҳат боғи ва ундан нари- соҳилбўйи сайлгоҳлари, қўша-қўша мусиқали рангдор фавворалар, узоқ-яқинидаги янги –янги бинолар, кенгайиб равонлашган кўчалар буларнинг бари бугунги Гулистон портретидаги энг дилтортар чизгилардир.

Сирдарё остонасидаги янгиланган, меъморий моҳиятида тарих ва бугунни уйғунлаштирган “Чеҳра”да ҳам такрорланмас сув таронаси шаршара бўлиб, фаввора бўлиб меҳмонларга пешвоз чиқмоқда.Воҳанинг жанубий сарҳадларида эса Ховос - Ховос сити бўлиб қадим мозийини янги тарих билан бойитмоқда.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурларининг яратувчилик эпкинлари аҳоли пунктларигагина эмас, ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. “Бўлар экан-ку” деган сўзлар тез-тез тилга олинмоқда.Мана шу эътироф эгалари - сирдарёликларнинг ҳамжиҳатлиги тобора мустаҳкамланмоқда, шу азиз заминга меҳр-муҳаббати, ободлик ва тараққиётга дахлдорлик ҳислари жўш урмоқда.

Зеро бугун,Президентимизнинг “Сирдарё намунаси – садоқат намунаси”деган юксак баҳосига муносиб бўлиш қайси бир далада ризқ-рўз яратаётган деҳқондан то вилоят ҳокимигача - ҳар бир сирдарёликнинг масъулиятли бурчига айланди.

... Етмиш икки томирида ўзбекнинг улуғ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қони жўшиб турган сирдарёлик шоир Алишер Нур айтади:

Саҳармардон чўпон-чўлиқ уйғонади,

Келинчакнинг сумбул сочи тўлғонади.

Алвон гуллар қийғос-қийғос чўғланади,

Қирғоғидан тошиб дарё солланади,

Зилол сувдан она замин болланади...

...Ҳофиз бўлиб тор чертади Сир шамоли,

Куй сеҳрида жилоланар қиз жамоли.

Эзгуликка ошуфтадир юрт камоли,

“Она”, “Ватан”, Алишернинг дил каломи,

Бахт, шодликка таронадир шеър саломи.

... Сирдарё - Она дарё –Сирдарёнинг фарзанди, тоғлар оша, кенгликлару қирлар оралаб, неча-неча қишлоғу шаҳарларни ортда қолдириб, яна узоқ манзилга шошилган оқими теграсида ундан баҳра олиб жадал камол топаётган азиз жигарбанди у.

Ҳар қатрасида файзу барака мужассам дарё қўшиғидан илҳом олиб яратувчилик, бунёдкорлик,ободлик, фаровонликни тараннум этувчи бир ажиб тарона яратаётган,Сирдарё аҳли бу.

Ўша тоғдан томган томчининг “Чак-чаки”дан бошланган бу жўшқин мусиқанинг номи эса “СИРДАРЁ СИМФОНИЯСИ”дир!

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019