Сирдарё — Қоракўл мактаб-интернати биноси фойдаланишга топширилди

14:32 28 Октябр 2020 Жамият
105 0

Энди Сирдарёда ҳам Президентимиз «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган байрам тантанасида юқори баҳо берган Қоракўл Халқаро математика мактаб-интернати сингари таълим маскани бор. Яъни жорий ўқув йилидан фаолиятини бошлаган математика фанига ихтисослаштирилган Сирдарё — Қоракўл мактаб-интернати ўша машҳур таълим масканининг Навоий вилоятидагидан кейинги иккинчи филиали ҳисобланади.

Аввало айтиш лозимки, ўқишга қабул уч босқичли синовлар асосида амалга оширилди ва энг иқтидорли 240 нафар ўғил-қиз мактаб-интернатнинг илк ўқувчилар бўлиш бахтига эришди. Қабул қилинганлар таркибида вилоят мактаблари қатори Тошкент шаҳри ва республикамизнинг турли ҳудудларидан келган болалар ҳам борлиги эътиборга молик.

Айни чоғда ўқитувчиларни танлаш ҳам қатъий талаблар асосида ўтказилди ва натижада, хоразмлик иқтидорли муаллим ҳам шу таълим масканида ишлаш ҳуқуқига эга бўлди.Бир иш ўрни учун 38 нафаргача номзод синовларда иштирок этди. Эътиборлиси, педагоглар жамоасига Қоракўл мактабининг 12 нафар ўқитувчиси ҳам киришга муваффақ бўлди.

— Таълим икки- техника ва иқтисод йўналишларида олиб борилаётир,- дейди мактаб-интернат директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуҳра Қобулова.-Дейлик, техника йўналишида математика ва физика фанлари кўпроқ ўқитилса, иқтисодда математика ҳамда инглиз тили дарсларининг ўрни катта. Шунингдек, математика, физика, инглиз тили, она тили, кимё-биология фанлари бўйича бепул тўгараклар ҳам ташкил қилинган.

Физика фани ўқитувчиси Ўлмасжон Раҳмонов Қоракўлдан. У ҳам ҳамма қатори синовларни топшириб, шу мактаб-интернатда таълим бериш имкониятига эга бўлганлардан. Ўлмасжоннинг айтишича, физика дарслари анъанавий мактабникига нисбатан икки баравардан кўп ўтилади, яна чуқурлаштирилган тўгарак соатлари ҳам бор. Яна бир жиҳат, битта синф иккига бўлиб , яъни 30 ўқувчи 15 нафардан гуруҳда ўқитилади.

— Мазкур замонавий мактаб-интернат узоғи билан 2-3 йилда ўз натижасини беради, -дейди Қоракўл халқаро математика мактаб-интернати директори Темир Рўзиев.- Бунинг учун таълим даргоҳида барча имкониятлар етарли.Қолаверса, Қоракўл халқаро математика мактаби жамоаси ушбу янги ўқув маскани билан доимий ҳамкорликда бўлади.

Куни кеча Гулистон туманида мазкур мактаб-интернатнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Мактаб -интернат мажмуаси қисқа муддатда, меъморий мазмун-моҳияти жиҳатидан замонавий таълим талаблари даражасида қурилди.

Бинонинг очилиш тантанасида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?