Сирдарё: ҳокимларнинг узри сессияларда эшитилди

11:33 08 Октябр 2020 Жамият
357 0

 Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра Сардоба тумани ҳам «қониқарсиз» баҳо олган эди. Туман ҳокими ва сектор раҳбарларининг ҳудуд аҳолиси олдида кечирим сўраш тадбири халқ депутатлари Сардоба тумани Кенгаши сессияси даражасида бўлиб ўтди.

 Туманда  ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми жуда  паст. Яъни 2019 йилда унинг вилоят саноатидаги улуши бор-йўғи 2,3 фоиз бўлган. Ёки жами 61 миллиард  446 миллион сўмлик  маҳсулот ишлаб чиқарилиб, аҳоли жон бошига    ҳисобланганда 941 минг сўмданни ташкил қилган.  

Шунингдек, инвестиция киритиш, тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш,уларга кредит ажратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бошқа бир неча масалаларда ҳам ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар мавжуд.

Сессияда сўзга чиққан туман ҳокими А. Хидиров  ва  сектор раҳбарлари депутатлар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари олдида  туман аҳолисидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида «қизил ҳудуд»  баҳосини олганлиги учун узр сўрадилар ва  рейтинг кўрсаткичини жадаллик билан кўтариш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, Ховос тумани ҳокими Учқун Камоловнинг ҳудуднинг «қониқарсиз» баҳо олганлиги сабаблари ва ушбу рейтинг баҳосини яхшилаш бўйича кўрилган чоралар хусусидаги ахбороти ҳам халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида эшитилди. Ҳоким ва сектор раҳбарлари туман аҳлидан кечирим сўраб, ҳудудни тез орада ижтимоий-иқтисодий барқарор даражага етказиш бўйича  белгиланган «Йўл харитаси»ни баён қилдилар.

Сессияларда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ў. Ўрозбоев, Н. Юсупов иштирок этди.

Маълумот учун. Мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши мақсадида  Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига кўра туманлар ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳар йили рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?