Синовли кунларнинг муҳим сабоқлари

12:36 03 Август 2020 Сиёсат
435 0

Бугунги синовли кунлар каттаю кичикка бирдай залворли хулосалар билан бир қаторда қимматли сабоқлар бериб ҳам улгурди. Ҳаммамиз ҳам икки улуғ неъмат – саломатлик ҳамда хотиржамликнинг қадрини юрак-юракдан ҳис этдик. Авваллари соғлиғига бирмунча бепарво бўлганлар энди ҳар он ўзини кузатадиган, саломатлигини тафтиш ва таҳлил қиладиган кишиларга айланишди. Умуман олганда, коронавирус пандемияси нафақат инсонлар дунёқарашини, балки бутун дунё иқтисодиёти, саноати, турмуш тарзини ўзгартиргани айни ҳақиқат. Дунёда қарийб 18 миллион одамни ўз домига тортган, 650 мингдан ортиқ инсонни умрига завол бўлган, ҳамон хуруждан тўхтамаётган вирус олдида бир дам хотиржамликка, бефарқликка берилиш йирик салбий оқибатларни, йўқотишларни келтириб чиқаришининг ҳам гувоҳи бўлдик.

Айниқса, июль ойининг илк кунларидан Тошкент шаҳри ва вилоятида аҳолимиз орасида касалланиш ҳолатининг кескин кўпайиб кетиши натижасида соғлиқни сақлаш муассасаларига бўлган босим бир неча баробар ортиб кетди. Янги касалланганлар учун койкалар тақчиллиги, тест топширишнинг мураккаблашиши, тиббиёт ходимларининг етишмаслиги ҳолатлари кузатилди. Афсуски, ўлим кўрсаткичлари ҳам сезиларли равишда ортди. Бу эса касалликка қарши курашда шифокорлар ва санитария-осойишталик маркази ходимларининг иш сифати ва самарадорлигига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Табиийки, бу кунларда аҳолимизнинг мавжуд вазиятдан норозилиги ҳақли равишда ортди. Бизга ҳам бу борада сайловчиларимиз, фаолларимиздан мурожаатлар сони кескин ошди.

Кўпгина ҳудуд раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари вазият тизгинини қўлдан чиқариб юборган айни мураккаб шароитда Президентимизнинг сиёсий иродалари билан қабул қилинган бир неча қарорлари аҳолимиз қалбида умид учқунларини қайтадан оловлантирди.

Ўз вақтида берилган қатъий топшириқлар ижроси таъминланиши натижасида тезкорлик билан қатор масалалар ечилди. Жумладан, касалланганлар учун шифохона топиш муаммо бўлаётгани, жой йўқлиги сабабли беморнинг у ердан бу ерга сарсон қилиш каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қарийб 50 мингта қўшимча ўринлар ташкил этилди. Тез ёрдам хизматига янги 400 та хизмат машинаси харид қилинди ва қўнғироқларга 10 сония ичида жавоб берадиган тизим ишга туширилди. Шу билан бирга коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси тубдан янгиланди. Ҳар бир ҳудудда зарурий дори воситаларининг 3 ойлик захиралари яратилди, касалликнинг енгил формасидаги уйда даволанаётганларга бепул дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 50 мингта тўплам шакллантирилди, аҳолига хизмат кўрсатувчи тезкор гуруҳлар сони оширилди.

Бундан ташқари зарурий тиббий воситалар ва техникалар олиб кириш учун тезкорлик билан бир қатор божхона имтиёзлари жорий этилди. Бунинг натижасида яқинда Хитой давлатидан 1300 та кислород концентратори, 20 та ПЗР синов аппарати ва дори-дармон воситалари олиб келинди. Қўшимча равишда 14 мингта врач ва ҳамширалар ишга жалб қилинди. Уларнинг фидокорона меҳнатларини ўз вақтида ва муносиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди.

Айнан шу омил, яъни Президент Фармони билан кўринмас ёвга қарши курашаётган 260 га яқин замонамиз қаҳрамонларига давлат мукофотлари берилгани соҳа фидойиларининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшгани ҳам бор гап. Партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи шифокорлар давлат раҳбарининг шахсан ўзлари томонидан меҳнатлари эътироф этилиб, қадр топаётганидан мамнун эканликларини маълум қилишмоқда.

Бажарилган ишларни таҳлил қилар эканмиз Президентимиз томонидан ҳар бир фуқаронинг соғлиғи диққат марказида эканлиги, шу кунгача содир бўлган 110 дан ортиқ ўлим ҳолатини қалбда оғриқ билан қабул қилинаётганини пайқаш қийин эмас. Ахир мутасаддилар билан бўлиб ўтган йиғилишларда давлатимиз етакчиси «Пандемияга қарши курашиш ҳар биримизнинг виждон ишимиз», «Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт» дея бежиз таъкидламадилар.

Албатта, кўрилган чораларни етарли, касалликдан тузалганлар сони 10 000 нафардан ошди деб хотиржамликка берилиб бўлмайди. Мамлакатимизда касалланиш ҳолати кунлик кўрсаткичи 500 тадан ортаётган бугунги кунларда июль ойи тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мутасаддилар ва соҳа мутахассислари ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туришлари лозим. Зеро, ўта хавфли, маккор ва шафқатсиз дарднинг жиловини маҳкам тутиш осон иш эмас. Шу боис, карантин талаблари 15 августгача кучайтирилишига қарамасдан, агар мутасадди ташкилотлар томонидан унинг ижроси қатъий назоратга олинмас экан, муаммолар мавжудлигича қолаверади.

Шуни таассуф билан қайд этамизки, ўтган давр мобайнида жойлардаги масъуллар хусусан, сектор раҳбарлари томонидан ушбу жараёнларга панжа ортидан қараш ҳолатлари кузатилди. Гўёки бу муаммо фақат соғлиқни сақлаш вакилларига тегишли. Шу фикрда ҳудудлардаги шифохоналарга ташриф буюрмаган, беморлар учун шароитлар билан танишмаган, уларнинг дори-дармон, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги, ўз секторида нечта касал аниқлангани, нечтаси уйда даволанаётгани билан умуман қизиқиб кўрмаган раҳбарлар ҳам борлиги аччиқ ҳақиқат.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида ҳам ечилиши лозим бўлган муаммолар етарлича. Айниқса, уйда даволанаётган беморларни даволаш, касаллик хавфи бор чақириқларга махсус гуруҳни жўнатиш масаласи барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ечимини топган дея олмаймиз. Буни бартараф этиш учун кадрлар танқислигини мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солган ҳолда бартараф этиш, ҳар бир фидойи ходимни кўзда тутилган моддий рағбатлантиришлар билан тўлиқ таъминлаш лозим. Шу билан бирга бу жараёнларга коррупция ҳолати аралашишига йўл қўймайдиган шаффоф тизим яратиши лозим.

Ўйлаймизки, юртимизда кечган ва кечаётган воқеликлардан ҳар ким ўзига тегишли сабоқни чиқарди. Эндиги вазифа эса хулосаларини ҳаётга татбиқ этиш, хатоларни такрорламасликдир. Бундан буёғига қилинган ҳар бир хато қимматга тушиши табиий. Зеро, ўртада мамлакатнинг энг катта бойлиги бўлган Инсон саломатлиги ва тақдири масаласи турибди.

Июль ойида яна бир масала кун тартибига чиқди – бу дорихоналарни дори-дармонлар билан таъминлаш ва уларнинг нархи масаласи. Юрт бошига кулфат тушиб, ҳар бир дақиқа, ҳар бир дармон аҳамиятли бўлган бир даврда вазиятдан фойдаланиб қолишни истаган айрим нафс бандалари дорихоналарда маълум вақтга зарурий дорилар тақчиллигини юзага келтиришди ва уларнинг ноқонуний сотуви орқали мўмай даромадга эга бўлишни кўзлашди. Бу эса мазкур соҳаларга ҳам рақамли технологияларни тезроқ жорий этиш лозимлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Ушбу муаммо сайловчиларимиз томонидан ҳам энг кўп кўтариладиган масала ҳисобланади. Шу боисдан тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш, уларнинг шифокор рецептисиз сотилишини чеклаш, рекламаларини, нарх-навосини тартибга солиш мақсадида партия лойиҳаси, йўл харитаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда уни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Дори воситаларининг ягона электрон базасини шакллантириш бўйича сайъ-ҳаракатларни бошлаб юбордик. Ушбу ягона базада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган барча дори воситаларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, яроқлилик муддати, чет элдан келтирилган дори воситалари учун эса қўшимча равишда импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизим татбиқ қилинади. Шу билан бирга дори воситаларининг махсус коди орқали уларнинг ишлаб чиқарилгани ёки импорт қилинган кунидан бошлаб неча маротаба қўлдан-қўлга ўтгани, кимлар ишлаб чиқаргани ҳамда четдан келтиргани ҳақидаги маълумотлар ҳам жойлашган бўлади. Бу кўринишдаги маълумотлар эса дори воситаларининг легал равишда сотувга чиқарилганини кўриш имконини беради. Бу тизим, шубҳасиз, дори воситаларининг нархини барқарорлаштириш ва сифатини таъминлаш имкониятини яратади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, кўзга кўринмас вирус шаклидаги қаттол душманни маҳв этиш учун давлат раҳбари бошчилигида ҳукумат томонидан сезиларли жиддий қадамлар ташланмоқда. Энди бу борада давлатни қатъий қўллаб-қувватлаш навбати сизу бизга, халқимизга келди. Бежизга элимизда «Қарс икки қўлдан чиқади» деган нақл вужудга келмаган. Коронавирусга қарши курашаётган 140 мингдан ортиқ шифокор меҳнати билан ҳар бир инсоннинг тиббий маданияти ўзаро ҳамкорликда, муштарак бўлса, ҳар қандай хасталикни енгиш мумкин. Афсуски, айрим беморлар нотўғри, ўзбилармонлик билан қилинган муолажалар ортидан оғир аҳволга тушиб қолмоқдалар. Бу эса тиббиётчилар ишини ўн карра қийинлаштирмоқда, боз устига даво сари олиб борувчи йўлда ҳам чигалликни вужудга келтирмоқда. Шу боисдан халқимизда тиббий маданиятни ошириб, ўз соғлиқларига нисбатан эътиборни кучайтириш масаласи асосий ўринга чиқиши лозим. Бундан ташқари карантин қоидаларига оғишмасдан риоя этиш ҳам ижобий натижани кафолатлайди.

Шу ўринда халқ вакилларининг ҳам хизматини таъкидлаб ўтиш жоиз. Партиямиз ва депутатларимиз томонидан вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 220 нафарига зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 1 миллиард 500 млн. сўмни ташкил қилди. Шунингдек, март-апрель ойларида партия депутатлари ва ходимларининг бир кунлик иш ҳақлари “Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига ўтказиб берилди.

Партиядан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари, бозорлар, дорихоналарда бўлиб, жойларда пандемия талабларининг бажарилиш ҳолатларини ўрганишди.

Бундан буён ҳам жойларда қарор ва фармонлар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, уларнинг ҳар бир ҳудуд бўйича ижро этилиши бўйича тўлиқ назоратга олиш ишлари давом эттирилади. Шу билан бирга аҳоли фикрини ўрганиш, дардга енгилмасдан карантин шароитида меҳнат қилиш ва даромад топиш йўлларини ривожлантириш парламент ва маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиздан янги ташаббусларни талаб этади. Албатта, сиёсий партиялар ҳам жамиятдаги етук куч сифатида барча имкониятларни тўлиқ ишга солса, мақсадларимиз ўз рўёбини топади.

Эътироф этиш лозим, сўнгги кунларда кўрилган чоралар туфайли аҳолимизнинг кайфияти ижобий тарафга ўзгарди, давлатга, шифокорларга ишончи қайтди, аммо буни етарли дея олмаймиз. Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар бисёр. Бунинг учун ҳар биримиз белгиланган вазифаларга виждонан ёндашиб, бирлашишимиз, залворли бир муштга айланишимиз лозим. Халқимиз азалдан аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ғамхўрлик борасида ном қозонган. Бу синовни ҳам биргаликда енгиб, ёруғ юз билан чиқишимизга ишончимиз комил. Бу мураккаб жараёнда бебаҳо бойлигимиз – соғлиғимизни муҳофазалаш барча муваффақиятларнинг аввали. Ҳамкорликни тўғри белгилаб олиш, бу борада ҳар ким ўз бурч ва масъулиятини унутмаслиги эса ишимизни янада осонлаштиради. Фаровон кунлар яқин, унга қисқа муддатда олиб борувчи йўлни эса ўзимиз яратамиз.

Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Cпикери ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?