Сингапурнинг машҳур бренди Сирдарёда пахта кластери ташкил этмоқчи

15:47 05 Июнь 2018 Иқтисодиёт
699 0

Сингапурнинг машҳур компанияси Индорама​ Сирдарёда пахта кластери ташкил этмоқчи. Бу ҳақда компания вакили Дипак Рейнанинг Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан ўтказган мулоқотида маълум қилинди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”мухбири Аҳмадали Шерназаров.

Дастлабки келишувга биноан, вилоятнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидан 30 минг гектар ер хорижий инвесторлар томонидан ташкил этиладиган кластер корхонаси ихтиёрига берилиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳага 55 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция киритиш кўзда тутилган.

Учрашувдан сўнг компания вакили Оқолтин, Сардоба туманларида ҳамда “Сардоба” пахта тозалаш заводига ташриф буюрди.

Маълумот учун, “Индорама” нафақат Осиё, балки бошқа қитъаларда ҳам таниқли компаниялардан бири ҳисобланади. Ҳозирда мазкур бренд томонидан ишлаб чиқариладиган полиэстер, минерал ўғитлар, тўқимачилик маҳсулотлари мижозлар орасида эътироф қозонган. Айни чоғда у бир марталик синтетик қўлқоп ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади. Маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари Ғарбий ва Марказий Африка минтақаларида ҳам йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, бугунги кунда мазкур компания билан ҳамкорликда мамлакатимизда“Индорама Коканд текстил” қўшма корхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар