Сийпантошда ибтидоий давр рассоми чизган суратлар – жаҳондаги энг ноёб маданий ёдгорликлардан

15:25 25 Март 2020 Welcome to uzbekistan
601 0

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Қуруқсой қишлоғида Сийпантош ёдгорлиги мавжуд. Ундаги қадимий топилмалар Homo sapiens (ақлли одам)нинг пайдо бўлиши ва у томонидан яратилган энг дастлабки рангли саньат асарларининг вужудга келишини исботлайдиган ажойиб ёдгорликлар сирасига киради.

Мутаҳассисларнинг фикрича, ўз вақтида ҳудудда яшаган ибтидоий даврнинг рассоми ундаги суратларни қизил тупроқни ҳайвонларнинг ёғига аралаштириб тайёрланган қизғиш ва жигарранг тусли “охра” бўёғи орқали яратган.

Чироқчида ибтидоий одамлар таналарини мавсумий рангларга бўяшган

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси Ахборот хизматининг маълумот беришича, минг йиллар давомида кварц тошлари орасидан оқиб ўтган қор ва ёмғир сувлари йирик кварц ҳарсанг тошларини емириб, текис, силлиқ ҳолга келтирган. Ана шу йирик тошларда (улар жами 3 та) расм чизиш учун текислик ҳосил бўлган ва унда дастлабки ибтидоиий рассом қизил тупроқни ҳайвонларнинг ёғига аралаштириб, қизғиш ва жигаррангли “охра” бўёғини тайёрлаган. Қизғиш охра рангларини тайёрлаш инсоният тарихидаги палеолит даври маданиятида кўп учрайди. Масалан, охра бўёғидан ибтидоий одамлар ўз танасини табиат мавсумларига мос равишда бўяшган. Охрага бўялган одамларнингтанасида харорат бир хил сақланади. Ибтидоий жамоанинг асосий яшаш воситаси – овчиликда ҳам эркаклар ҳайвонларни ўз ҳидлари билан чўчитиб юбормаслик, уларга янада яқин келиш мақсадида танасини юқоридаги рангга бўяганлиги этнографлар томонидан аниқланган.

Сийпантошдаги одам қўли аёл кишиникими?

Охра рангини тайёрлаш технологияси дастлабки ранг-тасвир асарларининг яратилиши ва пайдо бўлишига олиб келган эди. Сийпантошда чизилган кўплаб рангли тасвирнинг энг қадимийси – “одам қўли”ни чизиш ҳисобланади. Ибтидоий давр рассоми охра рангини тайёрлаб, рангга бўялган ўз қўлини тошларга босган. Бу одам қўли аёл кишига тегишли бўлиб, анатомик жиҳатдан эркакларга қараганда, аёлларнинг бармоқлари узунроқ ва ингичка бўлиши билан исботланади.

Йирик ҳарсанглар орасида йирик туёқли ҳайвонлар турига кирувчи ҳўкиз ёки қадимий туёқли ҳайвон тури тасвири жуда реалистик услубда ишланганини кўриш мумкин.

Ой ва қуёш тақвимлари мавжуд бўлган Сийпантош ёдгорлиги Қуруқсой ва Оёқчисой воҳаларида яшаганибтидоий қабилаларнинг узоқ асрлар давомидаги муқаддас жойи бўлиб келган. Ёдгорликда сўнгги палеолитдан кейинги даврларда чизилган 26 тадан кўпроқ суратлар мутахассис-олимлар томонидан турлича талқин этилмоқда. Жумладан, 29 та калта чизиқчаларни ой кунлари, думолоқ шаклнинг тўрт қисмга бўлинишини эса “йилнинг тўрт мавсуми” ёки “йил тақвими”, “Ой ёки қуёш тақвими” дея қарашмоқда. Ёдгорликдаги геометрик тасвирлар ўша даврдаги инсон тафаккурининг ривожидан далолат берадиган далиллардир.

Сийпантош ёдгорлигидаги ранг-тасвирлар турлича талқин этилишига қарамасдан, барча олимлар томонидан улар Марказий Осиёдаги энг қадимий тасвирий асарлар экани тан олинган.

Юлдуз ЎРМОНОВА,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?