Шукроналик ва мамнуният байрами

14:20 09 Декабрь 2019 Жамият
260 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Хайрли тонг, ибратли ишлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллик байрами кунини Тошкент вилояти деҳқонлари, фермерлари, тадбиркору ишбилармонлари меҳнатда эришган ютуқлар, йил охиригача амалга оширажак хайрли режалари билан муносиб тарзда нишонлашди. Туман ва шаҳарларда амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари жойларда байрам туҳфаси сифатида аҳолига инъом этилди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Бош Қомусимизнинг 27 йиллик байрами тонги айниқса, Қуйи Чирчиқ тумани аҳолиси учун хайрли бўлди. Вилоят фаоллари иштирокидаги тантаналар туманда эрта тонгдан бошланди. Ҳали қуёш чошгоҳга кўтарилмасдан “Отажонов” МФЙ марказига вилоят ҳокимлиги раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, прокуратура, ички ишлар идоралари раҳбар ва ходимлари, вилоятдаги корхона, ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари, МФЙ раислари, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан иборат меҳмонлар оқими кела бошлади. Ҳамманинг юзида табассум, қалбида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллик байрамига ёруғ юз билан етказганидан, шундай обод ва озод элда яшаётганимиздан шукроналик, мамнунлик уфуриб турибди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Меҳмонлар маҳалланинг ораста кўчаларида одимлашаркан, ён-атрофда қад ростлаган кўркам биноларнинг салобатидан ҳаяжонларини яширолмадилар. Байрам тантанаси иштирокчилари дастлаб, икки қаватли, архитектура маданияти чиройини ўзида жамлаган “Отажонов” қишлоқ врачлик бўлими биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишди.

Замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозланган, 3692 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи бу тиббиёт масканида малакали шифокорлар, патронаж, 3 нафар патронаждан ташқари ҳамшира фаолият олиб боради. Унинг беморлар қабул қилиш имконияти 200 нафар кишига мўлжалланган. Туман марказидаги тиббиёт бирлашмасидан 30 километр узоқликда жойлашган маҳалла аҳли учун ушбу маскан кутилмаган совға бўлди. Бундай ўзгаришлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 1-3 июн кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича тузилган “Йўл харитаси“га асосан амалга оширилганлиги диққатга сазовордир.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Шундан сўнг меҳмонлар маҳалланинг кўркам кўчалари бўйлаб қад ростлаган бошқа мданий-маиший биноларни кўздан кечиришди. Ана шундай салобатли бинолардан бирининг иккинчи қаватида тадбиркор Муроджон Қўчқоров раҳбарлигида тикувчилик билан шуғулланувчи корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу ердаги замонавий тикув машиналарида 50 нафар чевар, аёллар ва болалар учун бежирим либослар тикишмоқда. Яқин кунларда янги иш ўринлари сони юз нафарга етказилади. Ҳозирча маҳсулотлар ички бозорда сотиляпти.

Йиллик даромад 1 млн. 708 минг долларни ташкил этмоқда

Кейинги манзил “Пахтазор” МФЙдаги бунёдкорлик ишларининг намойиши билан бошланди. Бу ерда иш бошлаган “White tex group” МЧЖда 120 нафар қишлоқ аёллари, эркаклар ички кийим-кечаклари, жажжи кичкинтойлар учун либослар мажмуи, пайпоқчалар, ўсмир қизлар учун кийим-кечаклар тикишмоқда.

— Маҳсулотларимиз сифати кун сайин яхшиланмоқда. Янги бичим, янгича кўркамлик яратиляпти,-дейди тикувчи Сайёра Ашурматова. — Бундай самимий жамоада ишлаётганимдан ниҳоятда мамнунман. Ушбу сифатли маҳсулотлар бугун ўзимизда, Тошкент вилоятининг обод бир қишлоғида ишлаб чиқарилаётганига ишонгинг келмайди. Бу ютуқлар юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, барча ҳуқуқларимизнинг қонуний кафолати таъминланаётганлиги мевасидир. Бунинг учун энг аввало давлатмиз раҳбарига самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

— Корхонамизнинг йиллик даромади 1 миллион 708 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда,-дейди корхона раҳбари Жўрабек Қулназаров — Жамоамизнинг галдаги режалари янада юксак. Яқин келажакда бу ерда ипакчилик кластери асосида ишлайдиган яна бир янги корхона бунёд этилади. Ўттиз гектар майдонда унинг ўз тутзори бўлади. Бўйи 24, эни 12 метрлик пиллахонада 10.000 қути ипак қурти парваришланади. Уларга 50.000 та лаборатория хизмат кўрсатади. Унинг ёнида йилига 300 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган, Бельгия ва Швейцариядан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган фабрика иш бошлайди. 550 тонна хўл ва 220 тонна қуруқ пиллани қайта ишлаб, сифатли ипак йигирилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 5,8 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилинади. Фабрикада эксацеллийор, гербишин, ипак пайпоқ, гилам, сўзана каби камёб, айни дамда хорижда ва ички бозорда харидогир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона 350 нафар қишлоқ ёшларини янги иш ўринлари билан таъминлайди.

Чекка қишлоқдаги корхона хориж бозорини забт этди

Меҳмонлар тушган автобуслар кортежи туманидаги “Беруний” МФЙ томон йўл олди. Дастлаб, маҳалладаги шоҳ кўчада ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси билан таништирилди.

Тадбиркор Шерзод Субанов раҳбарлик қилаётган “Ёшлар инновацион маркази”даги 3000 та китоб фондига эга бўлган кутубхона, компьютер ўқув курслари, рус, инглиз, корейс тилларини ўргатиш маркази, спорт соғломлаштириш клуби иш фаолияти меҳмонлар танишган ибратли ташаббуслардан яна бири бўлди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Ёшлар марказининг ёнгинасида “Shoy meng business” МЧЖ корхонаси ишлаб турибди. Бу ерда яратилган 120 кишилик янги иш ўринларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар болаларнинг бежирим кийим-кечакларини тикишмоқда.

— Бир иш кунида 1500-2000 дона маҳсулот тайёрлаймиз,-дейди тикувчи Дилноза Ҳайдарова. — Ойлик маошимиз бир ярим миллион сўмгача кўтарилди. Маҳсулотларимизнинг хорижда харидоргир бўлаётганлиги бизни беҳад қувонтирмоқда. Қизларимизнинг юзидаги табассум бугунги кунимиздан мамнуният ва Яратганга шукроналикдан. Фуқароларнинг меҳнат қилиши, фаровон яшаши учун барча ҳуқуқларини таъминлаб берган бош Қомусимизнинг бугунги байрами биз учун жуда хайрли ва қувончли бўлди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

— Корхонамиз жамоаси ҳар ойда 45.000 дона маҳсулотни Россия бозорига экспорт қилаётир,-дейди корхона раҳбари Фахриддин Юсупов. — Йил охиригача ташқи бозорга 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот сотиш режамиз бор. Келажакда Белорус ва Украина давлатларидаги харидорларимиз билан экспорт шартномалари имзолаш ниятидамиз. Бу жамоамизниг моддий манфаатдорлигини янада ошириш имконини беради.

Қуйи Чирчиқ туманидаги ободончилик ва иқтисодий юксалишлар борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар билан танишиш жараёни “Беруний” МФЙдаги Маданият маркази биносининг очилиш маросими билан ниҳоясига етди. Марказда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллик байрами кенг нишонланди. Санъат усталари иштирокида намойиш этилган концерт дастури йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Шодиёр Мутаҳаров
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?