Шу йилнинг ўтган даври давомида прокуратура органлари ходимларига пора таклиф қилган 30 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

11:12 28 Август 2018 Жамият
279 0
Иллюстратив фото

Жамиятни таназзулга олиб келадиган иллатлардан бири, бу — порахўрликдир. Сўнгги йилларда юртимизда унга қарши курашиш, олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Коррупциянинг оқибатлари хусусида ОАВда чиқишлар қилиниб, учрашувларда бот-бот сўз юритилмоқда. Аммо айрим “нафси ҳакалак отган” кишилар бу борадаги тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларидан тегишли хулоса чиқармаётгани ачинарлидир.

Масаланинг яна бир томони борки, бунда фақат пора олиш эмас, балки пора бериш ҳам жиноят эканлигини унутмаслик лозим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларида ҳар икки ҳолатга ҳам жазо тайинлангани бунинг яққол тасдиғидир.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълумотларига кўра, шу йилнинг ўтган даври давомида прокуратура органлари ходимларига пора таклиф қилган 30 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Улардан 3 мартасида бевосита прокуратура бўлинмаларига, 6 ҳолатда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларига, 21 ҳолатда эса Мажбурий ижро бюроси вакилларига пора таклиф қилинган. Бу пораларнинг айнан қонун ҳимоячиларига ¬таклиф этилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бир мисол: жорий йилнинг 11 июнида Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Тутзор маҳалласида яшовчи Алимардон Халқулов департаментнинг Миробод тумани бўлими инспектори Марс Султоновга 500 АҚШ доллари беришни таклиф қилади. Гап шундаки, Миробод тумани давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария врачи Д. Айматов “Миробод деҳқон бозори” акциядорлик жамиятига қарашли Фарғона шохобчасида рухсат берилмаган жойда, гигиена қоидаларига зид равишда фаолият кўрсатаётганлигини важ қилиб, бир юртдошидан пора олган, ўтказилган тезкор тадбирда у ашёвий далиллар билан қўлга тушган. 500 долларлик пора эса айнан ўзи пора билан қўлга тушган Айматовнинг айбини енгиллатиш учун таклиф қилинган эди. Бир жиноят иккинчисини бошлаб келади, бошқача айтганда, порахўр ўртага одам қўйиб, пора бермоқчи бўлади.

Бундан ташқари, департамент ходимлари Қўқон шаҳар ветеринария бўлимида текширув ўтказганида у ерда кўплаб қонун бузилиши ҳолатлари аниқланади. Бундан саросимага тушган бўлим раҳбари Икромжон Эсанбоев камчиликларини яшириш учун департамент ходимларига пора таклиф қилади. Жорий йилнинг 23 июнь куни департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими биносида Икромжон Эсанбоев 1 миллион сўм пулни пора тариқасида бераётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди. 

Шу йилнинг апрель ойида эса “Наманган дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган ҳужжатли тафтишда корхонадаги қурилиш-таъмирлаш ишларида қатор қаллобликлар фош этилади. 

Аниқроқ айтганда, акциядорлик жамиятида умумий миқдори 12,2 миллион сўмлик бажарилмаган қурилиш ишлари “бажарилди”, дея қўшиб ёзилгани аён бўлади. Қурилиш-таъмирлаш ишлари эса Намангандаги “Ҳамкор агроқурилишсервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган эди. 

Текширув натижасида етказилган 12,2 миллион сўмлик зарарни тўлаш сўралган. Шунда қурилиш корхонаси раҳбари Эргаш Мамажонов жиноий жавобгарликка тортилмаслик ҳамда жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини тугатиб, судга чиқармаслик эвазига 300 АҚШ долларини пора тариқасида беришни таклиф қилади. Талвасага тушган пора берувчи ҳам жиноят устида, яъни пулни терговчи Х. Умрзоқовнинг хизмат столи устидаги китобга солиб қўйган вақтда ушланди. 

Мажбурий ижро бюроси ходимига берилмоқчи бўлган пора ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Қашқадарё вилоятининг ўузор туманидаги Совлиғар қишлоғида яшовчи Тоштемир Рустамов ўғлининг уйида электр энергияси тармоғига ноқонуний уланиб, фойдаланаётганлиги юзасидан тузилган далолатнома бўйича белгиланадиган маъмурий жарима миқдорини камайтириб бериш эвазига бюронинг туман бўлими суриштирувчиси Жаҳонгир Нафасовга 1,5 миллион сўм пора таклиф этади. Бу ҳолатда ҳам пора берувчининг ножўя ҳаракати расмийлаштирилади ҳамда тегишли жиноят иши қўзғатилади.

Ушбу мисоллар аниқланган камчиликларни пора орқали “ёпди-ёпди” қилиб бўлмаслигини, йўл қўйилган хатоларни тузатиш учун қонуний чораларга таяниш зарурлигини кўрсатади. Зеро, бугун давр ҳам, талаб ҳам ўзгарди. Шунга мос фаолият юритиш, коррупциянинг келиб чиқишига шароит яратиб бермаслик барчанинг бурчидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар