Шпаргалка сотган ўқитувчилар қамоққа олинди

16:59 08 Август 2018 Дунё
773 0
Иллюстратив фото

Имтиҳон варақаларини сотишда айбланган бир сенегаллик ўқитувчи беш йилга озодликдан маҳрум этилди, яна бири 32 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда “Би-би-си” манбаси хабар берди.

Сенегалда ўтган йили имтиҳон саволлари варақалари ижтимоий тармоқлар ва WhatsApp орқали тарқалиб кетгандан сўнг бакалаврларга мўлжалланган француз ва инглиз тили, тарих ҳамда география бўйича имтиҳонлар бекор қилинган, тест тўпламлари эса ташлаб юборилган эди.

Варақаларни тарқатиш айби билан бир қанча ўқитувчи ва ўнлаб талабалар жавобгарликка тортилган.

Айбдорлар учун белгиланган асосий жазолар ўртача икки-уч ойдан икки йилга қадар озодликдан маҳрум қилинишдан иборат.

Сенегал пойтахти Дакардаги Каҳон Лицейи директори имтиҳон варақаларини сотганлигини тан олган, лекин у бу ишга пул учун қўл урмаганини таъкидлаган.

“Мен бакалавр даражасини олишда қийналаётган бир инсонга ёрдам беришни истаган эдим”, - деган директор Мамаду Жибрил Дия суддаги кўрсатмасида.

“У қиз имтиҳонларда икки марта йиқилгандан сўнг мендан ёрдам сўради… Агар мен бу йўл билан пул ишлашни мақсад қилганимда варақаларни бой одамларга сотган бўлардим”.

Жаноб Дия беш йилга озодликдан маҳрум этилиш билан бирга 886 доллар миқдоридаги жаримага ҳам тортилган.


“Ўқитувчилар учун сабоқ”

Шунингдек, камида икки ўрта таълим мактаби ўқитувчилари “жиноий тил бириктириш, фирибгарлик ва фирибгарлик йўли билан ножоиз материалларни қўлга киритиш”да айбланиб, жазога тортилган.

Энг оғир жазо Ялла Сурен Лицейининг француз тили ўқитувчиси Абдулай Ндур бошига тушган. А.Ндур икки йилга озодликдан маҳрум этилган ва 32 минг доллар миқдорида жарима тўлашга ҳам мажбур этилган.

Судда Ндур имтиҳон варақаларини сотишдан келиб тушган 12 минг доллар миқдоридаги маблағни ўзининг банк ҳисоб рақамига ўтказганлигига далиллар келтирилган.

Жами 32 нафар талаба имтиҳон варақаларини сотиш йўлида ўқитувчиларга ёрдам берганликда гумонланиб, қўлга олинган. Сўнг уларга олти ойдан икки йилга қадар бўлган турли жазо муддатлари белгиланган.

“Биз бу фирибгарлик кўламидан ҳайратга тушдик”, - дейди Сенегалдаги Ўрта ва юқори мактаб ўқитувчилари миллий иттифоқидан Сауру Сене.

“Ўқилган суд ҳукмлари қолган ўқитувчилар учун сабоқ бўлиши лозим”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар