“Шов-шув кўтаришдан кимга наф?” ёхуд тарқатилган нотўғри хабардан бир оиланинг юзи ерга қаради, маҳаллий ҳокимиятга туҳмат қилинди

21:19 18 Март 2019 Жамият
1552 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Шов-шув тез тарқалади. Бундан айрим сайтлар ўз манфаати йўлида фойдаланаётгани айни ҳақиқат. Воқеа тафсилотини қайсидир сайтдан аввал хабар бериб, ўз рейтингини оширмоқчи бўлган ўша ахборот тарқатувчи воситалар вакиллари билмайдики, ялтираган ҳар бир нарса ҳам олтин бўлавермайди. Қолаверса, журналистнинг вазифаси шов-шув кўтариш эмас, балки тўғри ахборот етказишдан иборат бўлиши керак. Шунда ҳам ўша ахборот одамларга, жамиятга қайсидир маънода фойдали бўлсагина уни оммага эълон қилиш даркор.

15 март куни “Озодлик” радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Андижонлик тадбиркор ҳокимга қип-яланғоч ечиниш билан норозилик билдирди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди-ю, маҳалладагина эмас, бутун республикамизда (хорижда ҳам) дув-дув гап тарқалди. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади”, деганларидек айби борми-йўқми, демай, ҳамма Асака шаҳар ҳокими шаънига бисотида борки, бўҳтонларини соча бошлади. Негаки, мақолада айтилишича, 12 март куни Асака шаҳар ҳокими томонидан Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган “Пайнет” дўкони бузилаётган пайтда дўкон эгаси унга норозилик тарзида қип-яланғоч ечиниб, ерга ётиб олган. Аслида нима бўлган эди?

— Ўша куни дўконда эдим, — дейди пайнет сотувчиси Бобурбек Мирзаев. — Кутилмаганда бир йигит йўл ўртасига ўтириб олди. Унга қарши келган автомашиналар тирбандлик ҳосил қилди. Шунда воқеа жойига ҳудуд профилактика инспектори етиб келди. Уни ўрнидан қўзғатмоқчи бўлди. Бироқ йигит аксига олиб, ечиниб, ерга ётиб олди. Сўнг бошқа ички ишлар ходими кўмаги билан йигитни ўзлари бошқарувидаги автомашинага солиб, олиб кетдилар. Бор гап шу! У йигит ким эди, мен билмайман. Мен ишлаётган пайнетга умуман алоқаси йўқ. Интернетларда баён этилгани каби дўконни бузиш тўғрисида кўрсатма ҳам бўлмаган.

— Укам руҳий касаллиги туфайли рўйхатда туради, — дейди йигитнинг исм-шарифини эълон қилмаслик шарти билан суҳбатга рози бўлган опаси. — Врачларнинг айтишича, миясида қайсидир функцияси бузилган. Кайфияти ўзидан ўзи кўтарилиб кетади, ўзини ҳаммадан зўр сезади, ҳаракатлари қанақадир ғалати... Уйқусизлик туфайли баъзан нима қилаётганини ҳам билмайди. Хуллас, “вос-вос” бўлиб қолган. Шунинг учун олдин ҳам икки марта даволанганди.

Ўша куни бўлган воқеага келсак, очиғи, бизнинг пайнетимиз йўқ, ҳокимиятга ҳам ҳеч қандай даъво, эътирозларимиз йўқ. Онамиз яқинда 80 ёшни қаршилади. Бу гапларни ҳали эшитмади. Билиб қолса, ҳоли нима кечади? Шунинг учун ҳам интернетда нотўғри маълумот тарқатганларни судга бериш ниятим бор. Укамнинг ожиз томонини ҳаммага кўрсатиш билан нимага эришмоқчи бўлишганди?! Ахир бунинг ортидан бутун бир оиламиз номи булғанди, таҳқирланди-ку...

Ҳатто чет элларда ҳам укамга ўхшаганларга одамлар ёрдам кўрсатишади, расмга олиб тарқатиш у ёқда турсин, аҳволига қайғуришади. Бизда эса жиддий кўмакка муҳтож одамнинг устидан кулишди, уни масхара қилиш учун ҳатто уялмасдан ҳокимликка ҳам туҳмат қилишди. Ёки бўлмаса, ҳокимиятда ишлайдиганлардан ўч олиш учун шу воқеадан унумли фойдаланишди. Нима, буларга битта инсоннинг тақдири шунчалар ўйинчоқми?

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг йигит даволанаётган вилоят психоневрология диспансерида бўлдик. Муассаса бош врачи Ойбек Бувабековнинг маълум қилишича, бемор чиндан ҳам 2014 йилдан буён диспансер назоратида туради.

— Укам институтни тамомлаган, — дейди унинг опаси. — Бир пайтлар автомобиль ишлаб чиқарувчи қўшма корхонада меҳнат қилган. Соғлом, ҳаётга ташна йигит эди. Пешонасида бор экан, бугун шу аҳволга тушиб ўтирибди. Оилали, битта фарзанди ҳам бор. Касаллиги учун ҳеч қаерда ишламайди.

Мазкур маълумотлар орқали бемор шахси ва унинг оила аъзолари шаънига билдирилган ўринсиз ҳаракатларни исботлашга ҳаракат қилдик. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. “Озодлик” радиоси веб-сайтида воқеага сабаб қилиб Асака шаҳар ҳокимининг пайнет дўконини бузиш билан боғлиқ ҳаракатлари тилга олинган. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошев шундай дейди:

— Туманимизда ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича ҳаракатлар олиб борилаётгани рост. Бироқ бунинг ўша пайнет дўконига алоқаси йўқ. Интернетда тарқалган хабарни ўқиб, ўзим ҳайрон қолдим. Мен журналистлар бирор маълумотни эълон қилишдан аввал мутасаддилар билан учрашиб, воқеага ойдинлик киритадилар, деб ўйлар эканман. Бироқ айнан менинг шахсим билан боғлиқ воқеа бутун интернетда тарқалиб кетса, мен бундан бехабар қолсам?.. Ўша мухбир шов-шув кўтариб, ҳаммани ёлғон маълумотига ишонтиришга уринишдан олдин ўзимизга учрашса, юзма-юз кўришсак, ахборот олиши учун барча шароитни яратиб берамиз-ку ахир. Ёлғон хабар тарқатиб, ўзи шарманда бўлишидан қандай наф? Ахир воқеа тўғрисидаги ҳақиқатни ҳамма билиб бўлди-ку.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, “Озодлик” радиоси веб-сайтида эълон қилинган бу хабар журналистик одоб-ахлоқ меъёрларига умуман тўғри келмайди. Мамлакатимизда ахборот олиш, уни етказиш борасидаги имконият ва шароитлар қонун доирасида белгилаб қўйилган. Қайси бир идорага мурожаат қилманг, керакли маълумотни ўз вақтида оласиз. Бинобарин, деярли барча корхона ва ташкилотларда матбуот хизматлари фаолият юритмоқда. Журналистларга ишонч шу қадар юксалиб боряптики, ҳатто мана шу воқеа юзасидан айрим идораларга қилган мурожаатимиз давомида сир сақланиши керак бўлган маълумотларни ҳам ишониб беришди. Бу ҳам бўлса матбуот эркинлигидан, унинг тўртинчи ҳокимият мақомига эга бўлишидан жамиятнинг ўзи манфаатдор эканлиги ифодасидир.

Аниқ ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун журналистининг шиори бўлиши керак. Акс ҳолда, уни ўқувчининг ўзи элакдан ўтказиб қўйиши турган гап.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019