Шохида эмас, баргида юрмоқчи бўлганларнинг миси чиқади

17:58 22 Апрель 2019 Жамият
587 0

Мамлакатимизда мол-мулкни ижарага беришнинг 3 шакли мавжуд.Гап уй-жой, нотурар жой ва транспорт воситасини ижарага бериш ҳақида боряпти. Маълумки, 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди.

Эътиборлиси, кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тизими соддалаштирилди. Эндиликда, Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” интерактив хизмати орқали куннинг исталган вақтида ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш мумкин. Яъни, ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатлар ҳамда узундан-узоқ навбатда туришларга ҳожат қолмади.

Маълумотларга кўра, Бухоро вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 4 000 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахс ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйди.

Ўрни келганда айтиб ўтиш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги шаҳарларида ижара миқдорининг энг кам меъёри 1 кв.метр турар-жойлар учун 6 500 сўм ва нотурар жойлар учун 13 000 сўм, бошқа аҳоли пунктларида ижара миқдорининг энг кам меъёри 1 кв.метр турар-жойлар учун 3000 сўм ва нотурар жойлар учун 6 000 сўм миқдорида белгиланган.

Кўпчиликка маълум, бугунги кунда Бухоро шаҳрида оддий таъмирдан чиқарилган, керакли жиҳозларсиз нотурар жойни ижарага олишнинг ўртача нархи 800 минг сўмдан бошланиб 1,5 миллион сўмгача бориши мумкин. Албатта, нотурар жойни ижарага олувчи ва берувчи ўртасида ижара шартномаси тузилган. Аммо, сир эмаски, бугун кўпчилик ижарага берувчилар шартномада жуда паст миқдорни, масалан, 150-200 минг сўмни кўрсатиб, оғзаки келишув асосида келишилган нархнинг қолган қисмини яширинча олмоқдалар.Бу солиқдан қочишга уринишдан бўлак нарса эмас.

Бухоро шаҳрининг Жўйбор кўчаси тадбиркорлик ва савдо-сотиқ учун қулай ҳудуд.Ҳабиб Асадов бу ерда тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш учун бир эмас, 8 та нотурар жойга эгалик қилади. У шу дўконларнинг барчасини ижарага бериб даромад топяпти.

Бироқ, ушбу ҳудудда Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирларда тадбиркор Ҳабиб Асадов ўзига тегишли 2 та нотурар бинони ижарага олувчилар Дилмурод Файзиев ва Шахриза Тўраеваларга оғзаки келишувга асосан ойига 800 минг сўмдан фойдаланишга берганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, у қолган барча нотурар биноларини шартномада жуда паст миқдорни, яъни, 100 минг сўмдан 180 минг сўмгача кўрсатиб, келишилган нархнинг қолган қисмини яширинча олаётган экан. Ҳолбуки, ушбу нотурар биноларининг майдонига мувофиқ, шартномада 200 минг сўмдан кам бўлмаган миқдор белгиланиши шарт эди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар жараёнида Давлат солиқ хизмати ходимлари унга фаолиятидаги ноқонуний ҳолатларни кўрсатиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли маслаҳатларни бердилар.

Эътиборлиси, бундан тегишли хулоса чиқарган тадбиркор шу куннинг ўзида фаолиятидаги хато ва камчиликларни бартараф этишга киришди.

Бухоро шаҳри Сулаймон Муродов кўчасининг шундоққина “Марказий деҳқон бозори” қаршисида жойлашган қисми ҳам тадбиркорлар тили билан айтганда, даромад топиш учун қулай жой ҳисобланади.

Бу ерда фуқаро Орзигул Султоновага тегишли қарийб 110 кв. метр майдонга эга 6 та нотурар объект бор. Аниқланишича, О. Султонова бу ерда аксарият ижарачилар билан расмиятчилик учун шартнома тузган.

Шартномада ижара пули миқдорини100-132 000минг сўм қилиб кўрсатган.Аслида эса, оғзаки келишувга асосан улардан 700 минг сўмдан кам пул олмаган.

- Мазкур ҳудудда менга тегишли бўлган 6 та нотурар бинодан 6 нафар тадбиркор ижара шартномаси асосида фойдаланмоқда, - дейди Орзигул Султонова. – Бу мамлакатимизда мулкдорларга берилган имконият ва енгилликлари самараси, албатта. Профилактик тадбир чоғида менга давлат солиқ хизмати ходимлари ижара шартномасида бинолар майдони ва ижара тўловларида тафовут борлигини кўрсатиб беришди. Ҳақиқатдан ҳам бунга эътиборсизлик билан қараган эканман. Давлат солиқ хизмати ходимлари камчиликларимни ҳеч қандай жаримасиз шу ернинг ўзида бартараф этишга кўмаклашдилар.

Шофиркон тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган “Муҳаббат хайри саховати”масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо шохобчалари“Paykent Hotel Croup” ҳамда “Алишер Омад файз” корхоналарига ижарага берилган.

“Paykent Hotel Croup”масъулияти чекланган жамияти ушбу бинодан умумий овқатланиш жойи сифатида фойдаланиб келмоқда. Бинонинг умумий майдони 1756 кв.м. ни ташкил этади. Ижара шартномасида бир йил учун атиги 5 миллион 600 минг сўм тўланиши кўрсатилган. Буёғига эса оғзаки келишув асосида иш юритилган.

“Алишер Омад файз” масъулияти чекланган жамиятига фойдаланиш учун берилган дўконда дори воситалари савдоси йўлга қўйилган.Томонлар шартномада ижара ҳақини 3 миллион 186 минг сўм кўрсатишган. Бинонинг умумий майдони 44 кв.м ни ташкил қилса-да ижара тўлови ойига бор-йўғи 265 минг беш юз сўмдан тўғри келяпти. Паспортлаштириш жараёнида давлат солик хизмати ходимлари ижарага берувчи ва олувчига вилоятлар марказидан бошқа жойлардаги нотурар жойлар учун ижара ҳаки ҳар бир кв.мга олти минг сўм миқдорида ҳисобланишини билдирдилар.

- Шофиркон шоҳ кўчасида жойлашган “Нисо” масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо дўконидан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келмоқдаман, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Нурмуҳаммад Тўев. - Ижарага берувчи билан тузилган шартномамизга мувофиқ, 3 йил давомида фойдаланиш учун жами 1 миллион 600 минг сўмлик ижара ҳақи белгиланган. Тўғрисини айтаман, ижарачига ҳар ойда 400 минг сўмдан ижара тўловини амалга ошириб келаётган эдим. Профилактик тадбир кунида давлат солиқ хизмати ходимлари менга бу оғзаки келишувимиз қонунга хилофлиги ва бу хатти-ҳаракатларимиз энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда (1 миллиондан 2 миллионгача) жарима солишга сабаб бўлишини тушунтирдилар. Бундан тўғри хулоса чиқариб шу куннинг ўзида фаолиятимизни қонунийлаштириб қўйдик.

- Олиб борилган кузатувлар ва профилактик тадбирлар жараёнида бу каби ҳолатлар бошқа ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларида ҳам кузатилди, - дейди вилоят ДСБ масъул ходими А.Очилов. - Мазкур тадбирлар давомида ижара шартномаси тузмасдан ишлаётган 170 нафарга яқин мулк эгаларининг ижарага олувчилар билан муносабатлари қонуний расмийлаштирилди.

Ҳа, таассуфки, орамизда солиқ тўловидан қочиб, шохида эмас, баргида юраман, деган хаёлда юрганлар бор.Улар қонунга хилоф ҳар қандай ҳаракатнинг бир кун миси чиқишини унутишмасин.

Баҳодир Файзиев,

Бухоро вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019