Шоҳимардон томонда қандай ўзгаришлар рўй бермоқда?

15:45 23 Август 2019 Жамият
643 0

Биз “Америка овози”нинг мухбири Навбаҳор Имамовани бундан қарийб икки ой илгари қишлоғимизда кўриб хурсанд бўлгандик. Чунки бир неча йил давомида ҳудудимизга бирон бир хорижий мухбир келмаганди. Бу йўлларимизнинг ёпиқлиги билан боғлиқ бўлган. Ўша йиллари ҳатто қишга кўмир, айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишда ҳам муаммолар бўларди. Бугун эса бундай қийинчиликлар бартараф этилган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон раҳбари билан тарихий учрашувлари натижасида “музлик”лар эриб кетди. Чегараларимиз очилди. Бу йил ёзда, айнан Навбаҳор Имамова келган чоғида бир кунда қишлоғимизга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 20 минг нафаргача, жорий мавсумнинг ўзида 950 мингга яқин саёҳатчилар, юртдошларимиз келишди. Бир пайтлар меҳмонларни кутиб олишга мўлжалланган, узоқ йиллар қаровсиз қолиб кетган масканлар, меҳмонхона ва соғломлаштириш марказлари бугун яна одамлар билан гавжум.

Бу ерларда бугунги кун сайёҳлик талабларига жавоб берадиган шароитлар яратилмоқда.

Халқаро тамойиллар шундайки, чегарадан ўтишда паспорт назорати ва божхона кўриги амалга оширилади. Шоҳимардонга келаётган ҳар бир сайёҳ, жумладан, Навбаҳорхон Имамова ҳам шундай кўрикка рўбарў бўлганлиги табиий ҳол. Сайёҳлар кўплиги учун ҳам баъзида чегарада навбатлар юзага келган. Бунга Шоҳимардонга йўлнинг очилиши натижаси, деб қараш лозим.

Президентимизнинг тегишли қарорлари билан Шоҳимардонда “Обод қишлоқ” дастури асосида 5 млрд. 825 млн. сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мактабнинг янги биноси бунёд этилди. Энди фарзандларимиз фақат бир сменада ўқимоқдалар. Уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун ёпиқ зал ва янги майдончалар ташкил этилди. Қишлоғимиздаги шифохона бўлими тиббиёт амалиётларини ўтказадиган техник жиҳозлар билан таъминланди. Илгари масалан, оддий кўричак бўлганларни ҳам туман маркази — Водилга чегараларни кесиб олиб бориш зарур эди. Энди эса янги очилган жарроҳлик бўлимида бу ва ундан мураккаб амалиётлар бемалол ўтказиляпти. Ҳатто тўлғоқли аёлни туман марказига олиб боришга мажбур бўлганимиз эсимизда. Шунинг учун, қишлоғимизда янги туғруқхона бўлими очилгани барчани беҳад шод этди.

Қишлоғимиздаги мавжуд болалар мактабгача таълим муассасалари таъмирдан чиқарилиб, жиҳозлар билан таъминланди. Яна янги боғча қурилиши ҳам бошлаб юборилган. Дарвоқе, Шоҳимардонда ишлаб чиқариш корхонаси масаласи доимо муаммо бўлиб келган. Президентимизнинг шахсан топшириғи билан 200 ишчи ўрнига эга тикувчилик корхонасининг қурилиши бошланди. Ҳозирда 200 нафар уйда ўтирган аёллар тикувчилик касбига ўқитиляпти.

Оқсув ва Кўксув дарёларида шоҳбалиқ (форель) кўплигини билардик. Уларни кўрган эронлик тадбиркорлар инвестиция киритиб, шоҳбалиқларни кўпайтириш лойиҳаси устида иш бошлаб юбордилар. Хонадонларимизда сунъий ҳовузлар ташкил этиб, балиқ уруғларини вақтида озиқлантириш ва кўпайтирувчи ҳар бир мослама учун 3 минг доллардан сармоя киритилди. Биз етиштирилган балиқларни инвесторнинг ўзи сотиб олар экан.

Навбаҳорхоннинг мақоласида айрим хонадонлар қаровсиз қолгани қайд этилган. Давлатимиз томонидан уларни таъмирлаш учун шу хонадонлар эгаларига 800 млн.сўм беғараз моддий ёрдам кўрсатилди.

Айтаверсак гап кўп. Масалан телевизорларимиз Тошкент телеканаллари кўрсатувларини қабул қилмас, уяли алоқа воситасини ишлатиб бўлмас эди. Тошкентдан турли вазирлик раҳбарлари қишлоғимизга келиб, бу каби муаммоларимизни ҳал қилиб бердилар. Шаланг тоғининг тепасига тасвир ва овоз тарқатгич ускуналари ўрнатилди.

Кўксув дарёсидан сув ичардик. Энди қишлоғимизда шаҳарлардаги каби ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ҳар бир хонадонга киритилди. Қишлоғимизда бир неча зиёратгоҳлар бор. Афсуски, ҳали меҳмонларга маълумот берадиган мутахассислар етарлича тайёрланмаган. Умумий овқатланиш шохобчалари эҳтиёж даражасида эмас. Аммо яқинда ташкил этилаётган “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ва тадбиркорлар бу масалалар ечимига қаратилган лойиҳалари билан бизни таништирдилар.

“Шоҳимардонни кичик тадбиркорлар боқмоқда”, деб ёзилибди мақолада. Биз бу фикрга қўшилмаймиз. Аввало, давлатимиз ҳар бир шоҳимардонликни иш ўрни билан таъминлашга катта аҳамият беряпти. 3500 мингга яқин аҳолиси бўлган Шоҳимардонда биргина хизмат кўрсатиш тармоқларида юзлаб ҳамқишлоқларим ишлаб рўзғорини тебратяпти. Қолаверса, Фарғона вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан шу йилнинг ўзида қишлоғимизга 3 марта озиқ-овқат карвони ташкил этилди. Бирорта хонадон байрам совғаларисиз қолган эмас.

Мана, бир ҳафтадирки, қишлоғимиз кўчалари тунда ҳам ёп-ёруғ. Чунки унинг 6 км. узунликдаги кўчаларининг четига 86 та ёритгич устунлари ўрнатиб, ишга туширилди.

Биз қисқа вақт ичида қишлоғимизда рўй берган ўзгаришлардан фахрланамиз, албатта. Лекин муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Агар жўшқин дарёга кичик ГЭСлар ўрнатилганида қишлоқ иқтисодиётига хизмат қилувчи яна бир корхона ва ўнлаб ишчи ўринлар яратилган бўларди. Сайёҳлар оқимининг кескин кўпайгани кичик ва уй меҳмонхоналаридан ташқари барча инфратузилмаларга эга апартаментлар ташкил этилишини тақозо этмоқда. “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имамова келгуси сафар қишлоғимизда бўлганида ана шу апартаментларнинг бирида яшаса ажаб эмас.

Икромжон АБДУХОЛИҚОВ,
“Шоҳимардон” МФЙ раиси.

Фозила МАМАЖОНОВА,
“Шоҳимардон” шифохонаси бош врачи.

Авазбек ХОЛДОРОВ,
тадбиркор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019