Шофиркон — «қониқарсиз» ҳудуднинг вилоят саноатидаги улуши 0,6 фоизни ташкил этган

18:24 03 Октябр 2020 Жамият
849 0

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган ва унга мувофиқ, Шофиркон туманидаги мавжуд ҳолат «қониқарсиз» деб топилган.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «қониқарсиз» деб топилган туман, шаҳар раҳбарларига жамоатчилик олдида камчиликларни тан олиб, уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот бериши зарурлиги вазифаси топширилган эди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, халқ депутатлари вакиллари, Бухоро вилояти ҳокимлиги масъуллари, туман фаоллари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этаётган сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича «Йўл харитаси»ни тақдим этди.

Шофиркон тумани нега «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолган? Туман ҳокими Шукурулло Ҳакимов бунинг сабабларини маълум қилиб, ундан чиқиш бўйича режасини баён қилди.

– Ҳақиқатдан ҳам, Шофиркон тумани 2019 йил статистик кўрсаткичлар рейтингида вилоят миқёсида «қизил» ҳудудга кириб қолди, – деди Ш.Ҳакимов. – Бунинг сабабини ҳар бир йўналиш бўйича таҳлил қилганимизда қуйидаги йўналишлар бўйича паст кўрсаткичлар қайд этилганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 340 миллиард 753 миллион сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 941 минг сўмга тўғри келган, бу кўрсаткич вилоят саноатида 0,6 фоизни ташкил этган.

Мазкур йўналиш бўйича дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йил якунида тумандаги қиймати 431,5 миллиард сўмлик 18 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, кўрилган чора-тадбирларимиз натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 161,2 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига эса 3 миллион 174 минг сўмдан тўғри келиши кутилмоқда.

Туманнинг халқ истеъмол моллари 100,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102,6 фоиз қурилиш ишлари 106,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 115,7 фоиз ва хизматлар ҳажми 146,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шунингдек, 2019 йилда экспорт ҳажми 5 миллион 41 минг долларни ташкил этиб, аҳоли жон бошига эса 29 доллардан тўғри келган.

Ушбу йўналишда тумандаги 13 та корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 6 миллион 71 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, туманнинг йиллик режасини 76 фоизга бажардик. Мазкур кўрсаткич бўйича йил якуни билан яна 4 миллион 183 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган экспорт ҳажми эса 58 АҚШ долларига етказилишига эришилади.

Иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари йўналиши бўйича 2019 йилда экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари ҳажми 4 миллион 593 минг АҚШ долларини, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига нисбати 13,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда қўшимча 4 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳасини экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтириш натижасида қўшимча 27 миллиард сўм ёки ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига нисбати 16,0 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари бўйича хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорлик борасида асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажми 619 миллиард 651 миллион сўм бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 24 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этган ҳолда, умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 4,0 фоизга етади.

2020 йил якуни билан туманда 174 миллиард 298 миллион сўмлик жами инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 9 миллиард 300 миллион сўмни ёки 5,0 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Туманда 2020 йил якунига қадар 11 та саноат ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши натижасида 120 миллиард 640 миллион сўмлик қувватлар яратилиши ҳисобига, тумандаги кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқарилган маҳсулотлардаги улуши 2,8 фоиз ўсишига эришилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?