Шимолий Кореяга Америка гамбургерлари кириб борадими?

17:32 01 Июнь 2018 Дунё
1053 0
Фото: Telegraph

АҚШ Корея ярим оролини босқичма-босқич денуклеризация қилиш усулидан фойдаланмоқчи эмас ва шу усул билан вақтдан ютмоқчи бўлаётган КХДР билан музокаралар ўтказишдан манфаат кўрмаяпти. Бу ҳақида ушбу давлат департаменти вакили “ТАСС” ахборот манбасига хабар берди.

“Босқичма-босқич ёндашувлар якунида олдинги музокаралар барбод бўлганди. Трамп маъмурияти Шимолий Кореяга вақтдан ютиш имконини берадиган мулоқотдан манфаатдор эмас. Биз бошқача ёндашмоқчимиз: денуклеризация бўйича қатъий ҳаракатлар ва аниқ қадамлар вақти келди”, деди у.

Қайд этилишича, агар Москва Вашингтон билан муносабатларни йўлга қўймоқчи бўлса, буни КХДР атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари билан исботлаши керак бўлади.

Президент Дональд Трамп эса ҳеч нарсага қарамасдан КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашиш режасидан бутунлай воз кечгани йўқ. Масалан, МРБ яқинда Шимолий Корея яқин истиқболда ўз ядро салоҳиятидан воз кечмоқчи эмаслиги бўйича давлат раҳбарига хулоса тақдим этди. Бу ҳақида NBCтелеканали маълумот тарқатган.

“Ҳамма ушбу давлат қуролсизланмоқчи эмаслигини билади”, дейилади унда.

МРБ ҳужжатида таҳлилчиларнинг икки етакчи ўртасидаги саммитда Пхеньяндан нима кутилаётганлиги бўйича баҳолари ўрин олган. Маъруза муаллифларининг фикрича, Ким Чен Ин қатор ён босишлар қилса-да, лекин яқин келажакда ўз ядро салоҳиятидан воз кечмайди. Бундай ён беришлардан бири Америка компанияларига КХДРда инфратузилмаларни ривожлантириш учун фақат чекланган миқдорда маблағ ажратишга рози бўлишдир. Ўз навбатида Шимолий Корея ўз ҳудудида АҚШнинг фаст-фуд тайёрлайдиган ресторанлари тармоғини очишга тайёр. МРБнинг нуқтаи назарича, Пхеньян Трампнинг бургерларни яхши кўришдек нозик жиҳатидан фойдаланмоқчи.

Саммит пайтида шу каби тармоқлар мамлакат ғарб инвестицияларига очиқлигини намойиш этиш учун фаолият юритиши тахмин қилинаяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?