ШҲТ саммити ва Ўзбекистоннинг стратегик манфаатлари

12:45 08 Июнь 2018 Сиёсат
279 0

2018 йил 8 — 10 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасида бўлади ва ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этади. Халқаро экспертлар ҳозирданоқ мазкур саммит тарихий аҳамиятга эга экани, тузилма фаолиятида янги саҳифа очиши ҳақида гапиришмоқда.
Ўзбекистон ШҲТ асосчиларидан бири сифатида ташкилот доирасидаги ҳамкорлик стратегиясини аниқлашда бошқа аъзолар билан тенгма-тенг қатнашяпти. Мамлакатимиз ШҲТ Хартияси ҳамда унинг асосини белгиловчи бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилган мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга қатъий мос келувчи сиёсатни оғишмай давом эттириш, минтақа давлатларининг хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини, иқтисодий фаровонлиги ва тараққиётини таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни рўёбга чиқариш тарафдоридир.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Шанхай тузилмасининг мақсад ҳамда вазифаларига кўп жиҳатдан ҳамоҳангдир. Уларни ҳаётга босқичма-босқич татбиқ қилиш яқин қўшнилар билан муносабатларни уйғунлаштириш, Марказий Осиёда, умуман, бутун ШҲТ ҳудудида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш имконини беради.

Таркибига Ҳиндистон ва Покистон давлатлари қўшилгач, Ер юзи аҳолисининг деярли ярми истиқомат қилаётган улкан ҳудудни қамраб олган Шанхай ташкилоти ўтган 17 йил мобайнида сайёрамизда барқарорликни таъминлашга жуда катта ҳисса қўшди.

Биринчидан, дунёнинг бир неча минтақаларида турли таҳдидлар ҳамда хавфлар юзага келаётган, вазият кескинлашиб бораётган бир даврда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро самарали фаолияти натижаси ўлароқ, Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ШҲТ майдонида доимий барқарорлик сақланиб турибди.

ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмасининг маълумотларига кўра, сўнгги 5 йил ичида (2013 — 2017 йилларда) ваколатли органлар томонидан 600 дан ортиқ террорчилик характеридаги жиноятлар тайёрланиш жараёнида фош этилган, 500 дан зиёд тайёргарлик базалари йўқ қилинган, халқаро террорчилик ташкилотларига аъзо бўлган

2 минг нафардан кўпроқ шахслар қўлга олинган, мингдан ортиқ қўлбола портловчи ускуналар, 10 мингдан зиёд ўқотар қуроллар, бир миллионтадан кўп ўқ-дори мусодара этилган. 2016-2017 йилларда террорчилик ва экстремистик мазмундаги 4 миллиондан ортиқ материалларни ўзида жойлаштирган юз мингдан зиёд интернет ресурслар бартараф қилинган ёки уларга кириш чекланган.

Иккинчидан, ШҲТ давлатларининг аксарияти иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини намойиш этмоқда. 2016 йилда аъзо давлатлар иқтисодиётида ўртача 4,8 фоизлик ўсиш кузатилди ва худди шу суръатлар 2017 йилда ҳам сақланиб қолди. ХХР Тижорат вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017 йил якунлари бўйича Хитойнинг тузилмага аъзо мамлакатлар билан товар айланмаси 19 фоиз ўсиб, 217,6 миллиард АҚШ долларига етди.

Янги аъзоларнинг ташкилотга қабул қилиниши унинг иқтисодий салоҳиятини ҳам ошириб юборди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги пайтда ШҲТ давлатларининг дунё ЯИМдаги улуши 30 фоизни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилга бориб, мазкур кўрсаткич 35 фоизга чиқишини тахмин қилмоқда. Бундай суръатлар билан ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг жаҳон бозоридаги улуши 40 фоизгача етишини кутиш мумкин.

Аъзо мамлакатлар манфаатларининг хавфсизлик ҳамда иқтисодий масалаларда муштарак эканлиги ШҲТ эришган муваффақиятларнинг, дунёдаги ўзгарувчан вазиятга тез мослаша олиш қобилиятининг бош омили бўлди. ШҲТ минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатларни изчил ўстириб бориш учун қулай муҳит яратиш, ҳамкорликда инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш учун ўзига хос платформага айланди. Ҳозирги пайтда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт коммуникацияларини такомиллаштириш, қўшимча юк ташиш ҳажмларини жалб қилиш ҳамда янги транспорт йўналишларини очишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ШҲТ аъзо мамлакатларни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама асосда ўзаро биргаликда ҳаракатланишга рағбатлантиради. Масалан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга 2017 йил май ойидаги биринчи давлат ташрифи доирасида 100 дан ортиқ, жами 23 миллиард АҚШ долларилик ҳужжатлар имзоланди. Икки давлат етакчиларининг самарали музокаралари савдо, инвестициялар ва технологиялар, транспорт коммуникациялари, гидроэнергетика, гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларни янада юксалтириш бўйича янги стратегик имкониятлар эшигини очиб берди.

ШҲТ улкан салоҳиятга эга. Ташкилотнинг жаҳон майдонидаги таъсири ҳамда обрўсини ошириш учун бу кучни ишга солиш лозим. Шу маънода, “Бир макон, бир йўл” ташаббусини амалга оширишда “Шанхай саккизлиги”нинг баҳамжиҳат интилишлари муваффақиятга эришиш имкониятларини анча кенгайтиради. Бунда ҳамкорликнинг энг муҳим, истиқболли йўналиши транспорт коммуникациялари бўлиб қолмоқда. Автомобиль ва темир йўллар қуриш, йирик логистика марказларини барпо этиш, ушбу объектлардаги катта иш ҳажмини инобатга оладиган бўлсак, ШҲТ давлатларининг барчасида аҳоли бандлиги ҳамда даромадини оширишнинг ўта самарадор манбаига айланиши мумкин.

Ана шундай лойиҳаларни рўёбга чиқариш Марказий Осиёнинг ўарб ва Шарқ, Шимол ҳамда Жануб ўртасидаги боғловчи зона сифатидаги геосиёсий жозибадорлигини оширади. Хитой ва Осиё — Тинч океани минтақасини Марказий ҳамда Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларининг йирик бозорларига энг қисқа йўллар орқали олиб чиқувчи янги стратегик имкониятлар пайдо бўлади.

Ўзбекистон ҳамда Хитой аллақачон мазкур йўналишда ҳамкорлик тажрибасига эга. Жумладан, 2016 йилда биргаликдаги интилишлар натижаси ўлароқ, Қамчиқ темир йўл тоннели фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой темир йўл магистралларини бирлаштириш юзасидан музокаралар кетмоқда. Мутахассислар агар бу лойиҳа амалга ошса, ҳудуд “Буюк Ипак йўлининг иқтисодий белбоғи” бўйлаб стратегик аҳамиятга молик халқаро йўналиш бўлиб қолишига ишонч билдиришяпти.

Ҳеч шубҳасиз, бу узоқ муддатли барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг бош омили сифатида Марказий Осиё давлатлари тараққиётида янги кучли тўлқин ҳосил қилади. Янги-янги ғоялар рўёбга чиқарилар экан, бугунги даврга келиб, Марказий Осиё ёпиқ минтақадан Евросиёнинг Шарқ ва ўарб, Шимол ҳамда Жануб ўртасида жойлашган улкан майдонидаги минтақалараро транспорт йўналишлари чорраҳасига айланишга ҳар қачонгидан ҳам яқин келди. Жанубий Осиёнинг икки энг йирик мамлакати — Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши ҳам тузилма фаолиятига ҳамма жабҳада янги суръат олиб киради. Расмий Деҳли ҳамда Исломободнинг фаол иштироки ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш учун имконият эшикларини очади.

Дунё сиёсий ва иқтисодий майдонида ноаниқликлар, турли мавҳумликлар тобора кучайиб бораётган, халқаро вазият бирданига ўзгариб кетаётган бугунги шароитда ШҲТга аъзо давлатлар учун: Хартияда ҳамда тузилма асосини ташкил этувчи ҳужжатларда мустаҳкамланган очиқлик ва блокларга қўшилмаслик қоидаларига ҳамиша содиқ бўлиш; кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қарор қабул қилишда келишиш ҳамда консенсус тамойилига қатъий амал қилиш; устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ва кучайтириш; минтақада ШҲТ давлатларининг барчаси учун бирдек манфаатли бўлган, иқтисодий асослантирилган инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар ўта муҳимдир.

Бундай лойиҳаларни рўёбга чиқаришдан келадиган натижаларнинг аҳамияти, айниқса, “иқтисодиёт” ҳамда “хавфсизлик” тушунчалари орасидаги чамбарчас боғлиқлик эътиборга олинса, ниҳоятда беқиёсдир. Бинобарин, глобаллашув шароитида мазкур икки соҳани айро ҳолда тасаввур этолмаймиз. Иқтисодиётни ўйламай туриб, хавфсизлик ҳақида гапириб бўлмайди ва аксинча, хавфсизликни таъминламасдан барқарор иқтисодий тараққиётни кўзлаш мумкин эмас.

Аббос БОБОХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик
ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар