ШҲТ оммавий ахборот воситалари форуми ўтказилди

15:15 02 Июнь 2018 Сиёсат
780 0

Маълумки, шу йилнинг 9-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги cаммити бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуман арафасида турли форумлар, учрашувлар ва тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, 1 июнь куни Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар оммавий ахборот воситаларининг биринчи медиафоруми бўлиб ўтди. Анжуманда Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон, Эрон, мулоқот бўйича ҳамкор-давлатлар Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия, Шри-Ланка давлатларининг ахборот-коммуникация соҳасидаги ваколатли органлари ҳамда етакчи ОАВ вакилларидан иборат делегация аъзолари ва ШҲТ котибиятининг масъул ходимлари иштирок этди.

Форумда таъкидланганидек, ШҲТ ўтган 17 йил давомида минтақавий ҳамда глобал миқёсда хавфсизлик, иқтисодиёт, маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаб келяпти. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ҳамда фикрларни инобатга олиш, ички ишларга аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари, яъни “Шанхай руҳи” асосида ривожланмоқда. Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб, бу борада аниқ саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг ўтган йилги Остона саммитида ташкилот фаолиятини янада кучайтириш, жумладан, миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясининг самарали механизмлари билан ташкилот фаолиятини мазмунан бойитишга қаратилган амалий ташаббусларни илгари сурди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг форум иштирокчиларига йўллаган қутловини ХКП Сиёсий бюроси аъзоси, ХКП Марказий Қўмитаси аъзоси, ХКП МҚ Тарғибот бўлими мудири Хуан Куньмин ўқиб эшиттирди.

Анжуманда бугунги глобаллашув шароитида масс-медианинг роли ҳамда аҳамияти тобора юксалиб бораётгани қайд этилиб, бу ташкилотга аъзо давлатлар оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни тақозо қилаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу, авваламбор, “Шанхай руҳи”ни кенг тарғиб этиш, ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимидаги аҳамиятини, минтақада хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга журналистларнинг эътиборини кучайтириш, ШҲТга аъзо давлатлардаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни, маданият, тарих ва ҳаётни холис ёритиш, ўзаро ахборот алмашиш, турли ахборот хуружларига қарши биргаликда курашиш зарурлигини тақозо қилмоқда.

— Бугун ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий саъй-ҳаракатлари билан Буюк Ипак йўлининг тарихий аҳамияти қайта тикланмоқда, — дейди Бутунхитой журналистлари уюшмаси раиси ўринбосари Ванг Донгмей. — Минтақада савдо-сотиқ ривожланяпти, ўзаро инвестициялар оқими ортиб, янги йўллар, транспорт-логистика тизимлари барпо этиляпти. Халқларнинг ўзаро мулоқоти кенгаймоқда. Шубҳасиз, ШҲТга аъзо давлатлар оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳам бу жараённи нафақат тарғиб қилади, балки халқлараро маданий алмашинувга ҳам кенг йўл очади. Қолаверса, ахборот технологиялари ҳаётимизга чуқур кириб борар экан, медиа соҳасида ҳам тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш масаласида катта эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Ўйлайманки, ШҲТ доирасида медиага оид янги ташаббуслар бу борада барчамизга қўл келади.

Тадбирда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши матбуот канцелярияси бошлиғи Цзян Цзяньго, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари нутқ сўзлади. Шунингдек, бўлажак Циндао саммитига тайёргарлик жараёни ҳақида ахборот берилди.

Медиафорумда ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот соҳасидаги ваколатли органлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

Қобил ХИДИРОВ
Пекиндан махсус


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019