ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази қандай фаолият юритмоқда?

14:15 20 Август 2019 Жамият
126 0

2019 йил 20 август куни Миллий матбуот марказида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирни очар экан, Марказ директори, сенатор Раҳматулла Назаров Марказ 2017   йил июнда ШҲТнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёв илгари сурган ташаббуси билан ташкил этилганини ва ўз фаолиятида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни назарда тутишини таъкидлади.

Марказ бу йили ўз фаолиятини бошлади. Фуқаролик жамияти ва хорижий мамлакатлар вакиллари билан ҳамкорлик қилишда халқ дипломатияси аҳамиятига урғу берилди. Марказ маданий, илмий, таълим дастурларини амалга ошириш, делегациялар ташрифларини ташкил этиш, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари, санъат байрамлари ўтказиш орқали фаолият олиб боришни, халқаро алоқаларни ва ҳамкорликни ривожлантиришни ўзида мужассам этади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ўз жамоасини тузди, Марказнинг расмий сайти фаолияти йўлга қўйилди, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ билан алоқалар ўрнатилди.

Бундан ташқари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистоннинг жамоат ташкилотлари ва шу каби ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатлари ривожлантирилмоқда. Марказ томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Хитойнинг Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

ШҲТ мамлакатлари нафақат шу ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлардан, балки ШҲТнинг кузатувчи ва ҳамкор мамлакатларидан, жами 18 та давлатдан иборат экани таъкидланди. Марказ ушбу мамлакатларнинг жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабат ўрнатиш ва ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.

Тадбирда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача ахборот берилди. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Тошкентда Марказ томонидан “Дунё болалар нигоҳида” мавзусида болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилди ҳамда ўтказилди.

ШҲТга аъзо мамлакатларда яшовчи болалардан 700 дан ортиқ расм юборилди. Уларни таҳлил қилиш турли мамлакатларнинг фарзандларида ватанпарварлик, ватанга муҳаббат туйғуси кучли эканини кўрсатди. Кўргазма жорий йил апрель ойида Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳридаги Аёллар ва болалар музейида муваффақиятли давом эттирилди. Эътиборли жиҳати шундаки, кўргазма ШҲТ куни ҳам намойиш этилди.

Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда 2019 йил 21-22 март кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Марказ томонидан Иккинчи миллий кийимлар халқаро фестивали ўтказилди. Унда ШҲТ мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, мулоқот бўйича ҳамкор мамлакат – Озарбайжон, шунингдек таклиф этилган мамлакатлар – Грузия ва Туркманистон дизайнерлари ҳамда моделлари иштирок этди.

ШҲТ Хитой Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси (ХЯДҲҚ) таклифига биноан 17-24 апрель кунлари Марказ делегациясининг ХХРга, 12-15 июль кунлари эса ХЯДҲҚ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди.

Икки томонлама учрашувларда ШҲТ ва “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида ўтказиладиган ва режалаштирилган тадбирларга оид масалалар муҳокама этилди, моддий ва номоддий маданий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, турли кўргазма ва турлар, қўшма тадбирлар ўтказиш, Тошкентда ШҲТ аллеясини яратиш юзасидан амалий фикр алмашилди.

ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан “Халқ дипломатияси – халқаро муносабатлар омили: ШҲТ мамлакатлари амалиёти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилгани қайд этилди.

Май ойида Санкт-Петербург шаҳрида “Халқ хотираси муқаддас” мавзусида фотокўргазма ташкил этилди ва кинофильмлар намойиш этилди. Санкт-Петербургнинг Миллий маданият кутубхонасида 6 май куни Ленинград мудофааси учун жанг ва тўқнашувларда ҳалок бўлган ватандошларимиз, ўзбекистонликлар хотирасига ва уруш йиллари Ўзбекистонга эвакуация қилинган ленинградликларга бағишланган “Халқ хотираси муқаддас” фотокўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фотокўргазма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва “Ўзбеккино” кўмагида ташкил этилди. Унда архивдаги фотоматериаллар ва  режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” (1962 йил), Равил Ботировнинг “Қирқ биринчи йил олмалари” (1969 йил), Дамир Салимовнинг “Ленинградликлар жигарбандларим менинг” (1980 йил) кинофильмлари намойиш этилди.

Бундан ташқари, жорий йил 8 июнь куни “Барча учун йога” шиори остида Йога куни ўтказилди. Марказ ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳамда Ҳиндистоннинг Тошкентдаги Лал Баҳадур Шастри номидаги Миллий маданият маркази томонидан ташкил этилган тадбир кенг жамоатчилик вакилларини, республика пойтахти аҳолиси ва меҳмонларини жалб қилди.

Тошкент шаҳрида 24-27 июль кунлари “Youth techno art” халқаро фестивал-танлови доирасида “ШҲТ мамлакатлари “Илм-фан ва техника олами” халқаро танлови ўтказилди. Танлов Халқ таълими вазирлиги ва ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан ўтказилди ҳамда ШҲТ мамлакатлари илмий-техник ижодиётини оммалаштиришга, шунингдек илм-фан ва техника соҳасида таълим жараёнларини ривожлантиришга қаратилди.

Шунингдек, тадбирда халқ дипломатияси ғоясини янада оммалаштириш, бундай ғоядан ШҲТ иштирокчи мамлакатлари халқлари ва маданиятини яқинлаштириш учун фойдаланиш мақсадида ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси марказининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб бориладиган фаолиятини кучайтириш ҳақида ахборот берилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019