Шерзод Шерматов: “Мактабга бош кийим билан келиш-келмаслик масаласига ёпишиб олмаслик керак. Бу асосий мақсад эмас”

16:25 26 Июнь 2018 Жамият
2485 2

Олдин хабар берганимиздек, айни дақиқаларда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тизимга оид янгиликлар, истиқболдаги режалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора тадбирлар хусусида брифинг ўтказмоқда.

Вазир ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинаётган мактаб формалари масаласига ҳам тўхталди.

“Мактаб формалари бўйича жорий қилинаётган лойиҳаларни кўпчилик фақат Халқ таълими вазирлигига юклаб қўймоқда. Бу нотўғри. Биринчидан, бизда қонун ҳужжатларини ишлаб чиқадиган парламент, депутатларимиз бор. Биз ижро этувчи органнинг бир бўғини сифатида улар қандайдир тартибни жорий қилса, уни амалга татбиқ этишимиз мумкин.

Яна бир масала, бу тартиблар лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда, биз, жумладан, янги тайинланган ҳозирги раҳбарият иштирок этмаганмиз. Агар қандайдир ўзгаришлар лозим, деб ҳисобланса, бунда бевосита иштирок этишимиз мумкин.

Яна бир масала бор: жуда кўпчилик шу форма масаласига, рўмол, ҳижоб масаласига ёпишиб олди. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз бу эмас. Асосий мақсадимиз — баркамол авлодни етиштириш. Кўпчилик эса ҳозир иккинчи даражали масалалар билан ўралашиб қолган. Бу билан мақсадга етиб бўлмайди. Биз биринчи навбатда асосий мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз лозим”, - деди Шерматов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар