Шерзод Қудратхўжаев: “Бу галги сайловда оилавий овоз бериш каби эскича ёндашувларга чек қўйилади”.

10:23 07 Октябр 2019 Жамият
754 0

“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар!”. 2019 йил, 22 декабрь куни мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов ана шу шоир остида, Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Сайловларда бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Партияларнинг сайловолди тарғибот тадбирлари қандай ташкил этилади? Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситаларига қўйиладиган талаблар қандай? Фуқароларнинг сайлов қонунчилиги, сайлов ҳақидаги тушунчалари қай даражада?

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази Сурхондарё вилоят бўлимида “Сайлов соҳасида ислоҳотларнинг янги даври” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз борди. Вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбирни Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев бошқариб борди.

Унда таъкидланганидек, Ўзбекистонда илк бора сайлов қонунчилиги яхлит шаклга келтирилди, сайлов кодекси қабул қилинди. Мазкур кодекс президент, қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди. Унга кўра, эндиликда маҳаллий кенгашларга фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари ҳам номзод кўрсатиши мумкин. Янги сайлов кодексида енгил жиноят учун қамалганлар ҳам овоз бериши кўрсатилган. Бу йил илк бора сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади.

“Сайловлар демократик талабларга мос ўтиши учун аввало очиқлик, ошкоралик муҳитини яратиш лозим. Чунончи, фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайловларнинг аҳамияти беқиёсдир. Сиёсий партиялар ва депутатларга бўлган талаблар бугун янгича ёндашувларни талаб этяпти. Аввалгидек, “депутат бизга йўл, мактаб қуриб берсин”, деган тушунчалардан воз кечиш, оилавий овоз бериш каби эскича ёндашувларга бутунлай барҳам беришимиз лозим. Сайлов чоғида муросасозлик, ўзини маълум бир қолипга солиб, “маданиятли” бўлиш керак эмас, деб ўйламайман.Чунки, бу кураш! Мамлакатнинг эртанги куни, келажагига бевосита дахлдор сиёсий кураш. Бу жараёнларда ҳар бир сайловчининг танлови жуда ҳам муҳим.”, -деди Шерзод Қудратхўжаев.

Сайловдан сайловгача бўлган даврда мудраб ётган сиёсий партияларнинг фаоллашиши сайловчиларга қандай таъсир кўрсатмоқда? Одамлар сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларидан қай даражада хабардор? Сайловчи ўзи овоз берган депутат фаолиятидан розими? Сайловларнинг сиёсий онги, сиёсий билими бугунги давр талабларига мосми? Дунёнинг илғор давлатларида сайлов амалиёти қандай? Очиқ ва самимий мулоқотда журналист ва блогерлар ана шу саволлар юзасидан баҳс-мунозарага киришдилар. Шунингдек, тадбирда сайловга тайёргарлик ишларини ёритиш, ушбу муҳим сиёсий жараёнларда сайловчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловолди тарғибот тадбирларини ташкил этиш ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Илҳом РАҲМАТОВ(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019