Шерободда давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

11:45 23 Август 2019 Жамият
139 0

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Унда таъкидланганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган эзгу ғояни ҳаётга кенг татбиқ этишда Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган мазкур бинода аҳоли учун барча шароитлар яратилган.Хусусан, замонавий дизайн асосида жиҳозланган кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари,она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, кафе ташриф буюрувчилар хизматида. Ушбу марказда хорижий инвесторлар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш зали, туманнинг инвестициявий салоҳиятини намойиш этувчи ахборот экранлари билан ҳам жиҳозланган. Шунингдек, фуқаролар мазкур бинонинг ўзида нотариус, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Рўйхатлаш ва имтиҳон бўлими хизматларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Марказда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Шеробод туман қабулхонаси, туман Адлия бўлими ҳам жойлашган.

Шеробод туманида 190 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан давлат хизмати марказига 105 та хизмат тури бўйича 36 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Марказ ходимлари мунтазам равишда туманнинг олис ва чекка ҳудудларида бўлиб, аҳолига сайёр (мобиль) хизматлар орқали ҳам хизмат кўрсатиб келаётир.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш электрон навбат олиш орқали амалга оширилади.Бепул wi-fi зонаси мавжуд. Бино бўйлаб жойлаштирилган экранларда давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этиладиган хизмат турлари бўйича ахборот роликлари намойиш этиб борилади.Мазкур электрон таблолардан тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулот ва хизматлари рекламасини шартнома асосида жойлаштириш имкониятига эга.

Яратиб берилаётган бу каби шароитлар одамларнинг вақтини тежаш, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини бериши билан янада аҳамиятлидир.

Ҳозирга қадар Сурхондарё вилоятининг Узун, Олтинсой, Қизириқ ва Музработ туманларида давлат хизматлари кўрсатиш марказининг янги бинолари қурилиб, топширилди.

Илҳом Раҳматов,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019