Шерали Жўраев мухлисларга ёқаман, деб, енгил-елпи қўшиғи билан тингловчини зериктирадиган хонандаларимиз учун чинакам намунани айтди

10:42 03 Апрель 2019 Маданият
1145 0

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ”Халқ сўзи” нашрига бахшичилик санъати борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бахшичилик — жуда қадимий санъат тури. Достонларимиз ҳали китоб пайдо бўлмаган пайтлардан бери бор. Уларда узоқ тарихимиз ҳам, маданиятимиз ҳам мужассам. Шу сабабли ўтмишимизни, азалий қадриятларимизни ўрганишда халқ оғзаки ижодига мурожаат қиламиз. Фольклор санъатимиз орқали аждодларимизнинг донишмандлиги, урф-одатлари, орзу-интилишларидан хабардор бўламиз, ўзлигимизни англаймиз. Бахшичиликнинг асл қадр-қиммати ҳам шунда! Шу сабабли азал-азалдан достон айтувчилар халқ орасида катта ҳурмату эътиборга сазовор бўлган.

Ёши улуғ юртдошларимиз яхши эслашади. Авваллари тўйлар бахшиларнинг иштирокисиз ўтмаган. Улар давра ўртасида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Юнус пари”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш” каби достонларимиздан парчалар ижро этишган. Одамлар тонггача қимирламай, дўмбира садосига, бахшининг хонишига маҳлиё бўлган. Достондаги қизиқарли воқеалар давомини интиқиб кутган.

Эшитишимча, булунғурлик Амин бахши “Алпомиш” достонини уч ой давомида тингловчиларни зериктирмай куйлаган экан. Қаранг, бир фаслга тенг муддат-а! Шунча вақт тингловчиларни зериктирмай, бунинг устига, ўзи ҳам толиқмай куйлаш, соз ижро этишнинг ўзи бўладими?! Яна денг, ҳаммасини ёддан айтиш осонми?! Мана, бахшиларимизнинг ақл-закоси қанчалик юксак, қувваи ҳофизаси нақадар мустаҳкам!

Ҳозир мухлисларга ёқаман, деб, енгил-елпи қўшиғи билан тингловчини, томошабинни тўрт-беш дақиқада зериктириб қўядиган хонандаларимиз учун бу — чинакам намуна! Ҳақиқий маҳорат мактаби!

Бахшининг яна бир улуғлиги шундаки, у кучли ижодкор. Бир достонни куйлаганда ҳар гал ўзгаришлар киритади. Ана шулар шарофати билан йигитларимиз Алпомишдек алп, мард, ­жасур, қизларимиз ­Барчинойдек бир сўзли, ориятли, ­садоқатли бўлишга интилишади. Болаларимиз, илм, маънавият, маърифатни ўрганишади.

Демак, ҳозирги глобаллашув даврида шундай дурдона санъатимизни, ноёб ва гўзал қадриятимизни сақлаб қолиш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш жуда долзарб вазифа! Шу маънода, Президентимизнинг бу санъатга эътибори, халқаро фестиваль ўтказиш ташаббуси айни муддао бўлди. Бу бахшичилик санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган жуда катта эзгу саъй-ҳаракатдир. Ишонамизки, нуфузли санъат байрами ҳадемай дунёга овоза бўлади. Чунки унга турли давлатлардан кўплаб иштирокчилар, меҳмонлар келади”, деган Шерали Жўраев.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019