Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи бошланди

09:50 26 Июль 2019 Сиёсат
248 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 11 январь куни вилоятга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишган, вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2019-2020 йилларда амалга оширилиши белгиланган умумий қиймати 19,6 триллион сўм бўлган 987 та лойиҳанинг 572 таси бўйича 2,3 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 та лойиҳалар тўлиқ фойдаланишга топширилди. 4 минг 367 та янги иш ўрни яратилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича йилнинг биринчи ярмида 88,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бу 2018 йил билан таққослаганда қарийиб 1,5 баробарга ёки 29,9 миллион долларга кўпдир.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Азия Метал Проф” масъулияти чекланган жамиятида метални қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Хитой давлатидан 10 миллион доллар инвестиция киритилди. Тайлоқ туманидаги “Пет Агро Оил” корхонасида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш лойиҳаси учун Туркия ва Сингапур давлатларидан умумий қиймати 7 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди.

Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий турар жой массивлари барпо этиш мақсадида 2018 йилда Самарқанд туманининг Қорасув массивидан 50 гектар ер майдони ажратилиб, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилган эди. Давлатимиз раҳбари 11 январь куни “Обод маскан” деб ном олган ушбу маҳаллада бўлиб, янги уй-жойлар ва бу ерда аҳоли учун яратилган қулайликлар билан танишган эди. Қурилиш ишларини кенг кўламда давом эттириш бўйича топшириқлар берганди. Ана шу топшириқ асосида мазкур ҳудуддан 16,4 гектар ер майдони ажратилиб, “Agromir bildings” қурилиш компанияси томонидан 2019 йилда 18 та ва 2020 йилда 59 та кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган. Айни пайтда қурилиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда.

Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятдаги 42 қишлоқда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 407,1 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади. Ҳозиргача дастур доирасида барча манбалар ҳисобидан 111,1 миллиард сўм молиялаштирилиб, 246,7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 10 минг 160 та якка тартибдаги ва 38 та кўп қаватли уй жой таъмирланди. 164,8 километр сув тармоғи тортилди, 2 та сув иншооти ва 10 та сув минораси реконструкция қилинди. 244 километр электр тармоқлари ва 116 та трансформатор янгиланиб, мукаммал таъмирланди, 1227 та таянч устунлар алмаштирилди. 12,6 километр газ тармоқларни таъмирланди, аҳолига 5541 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. 268,8 километр ички йўллар, 62,4 километр пиёдалар йўлаклари таъмирланди. Шу пайтгача 11 та бозор инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилган бўлса, 205 та объектда қурилиш-ободонлаштириш ҳамда 55 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

“Обод маҳалла” дастури доирасида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги 6 маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунга 49,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача, дастур доирасида 25,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, “Обод марказ” дастури бўйича Пахтачи туман марказида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш юмушлари амалга оширилмоқда. Туман марказининг янги режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 15 та янги объект жойлаштирилди.

Жорий йилги инвестиция дастурида вилоятда 565,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 151 объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда ушбу объектларда 472,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 22 мактаб, 8 тиббиёт муассасаси ва 12 та ичимлик сув объектларида белгиланган ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Бу йил вилоятда 804,8 километр йўл қурилиш ишлари кўзда тутилиб, йилнинг биринчи ярмида 474,8 километр масофада йўл қурилиш ишлари якунланди. Сайёҳликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятга 1 миллион 433 минг турист ташриф буюрди. Уларнинг 227 минг нафарини хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўпдир.

Албатта, бундай ўсиш суратлари соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш, сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантиришни тақозо этади. Шу мақсадда вилоят миқёсида 3,29 триллион сўмлик 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Унинг 348,3 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳисобига тўғри келади. Жумладан, 37 та лойиҳа замонавий меҳмонхоналар қурилиши билан боғлиқ бўлиб, уларнинг умумий қиймати 1,855 триллион сўмни ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, бугун Самарқанд вилоятида барча соҳаларда ислоҳотлар изчил давом этиб, бу вилоят иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ҳам вилоят ҳаётида янги саҳифа очиб, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга кенг йўл очиши шубҳасиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019