Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди

15:57 17 Апрель 2019 Жамият
287 0

17 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси, Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги Давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда ўзаро манфаатли барча соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кўпқиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Франция Ўзбекистоннинг Европадаги йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2018 йил якунига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 19,1 фоизга ўсди. Маданий, гуманитар, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик фаоллашди.

Самарқанд шаҳрида 16 апрель куни ўз фаолиятини бошлаган Франция Фахрий Консуллигининг очилиши ушбу йўналишлардаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жан-Батист Лемуан Самарқанд ва Тошкент вилоятларига ташрифидан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб берди. Давлат котиби мазкур вилоятларда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди ва муваффақиятли ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат давомида 2019 йили бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Франция учрашувлари жадвали, жумладан, сиёсий маслаҳатлашувлар ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Музокараларда Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вилмор иштирок этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон — Франция ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Давлат котиби Жан-Батист Лемуан ва Ўзбекистон Республикаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков Олий таълим, илмий тадқиқотлар, инновация ва махсус таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аҳдлашув баённомаси, Ҳуқуқ соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик тўғрисидаги маъмурий келишув, Давлат молияси соҳасида ҳамкорлик бўйича аҳдлашув баённомасини имзоладилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019