Шавкат Мирзиёев телефон орқали Имомали Раҳмонни туғилган куни билан табриклади

14:36 05 Октябр 2018 Жамият
351 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва  муваффақиятлар тилади.

Томонлар олий даражадаги мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик  муносабатлари ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини  мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Жорий йил 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ўтказилган самарали музокаралар, уларнинг якуни бўйича эришилган келишув ва имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27-28 сентябрь кунлари МДҲ Давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Душанбега амалий ташрифи доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар натижакорлиги қайд этилди. 

Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ортиб, турли тармоқларда кооперация, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб, маданий-гуманитар алмашинувлар  кенгаймоқда. 

Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида ҳамкорликни ривожлантириш ва эришилган келишувлар  ижросини тўлиқ таъминлашда мунтазам амалий алоқалар муҳимлигини қайд этди.

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар