Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида қандай ташаббусларни илгари сурди?

14:44 12 Июнь 2018 Сиёсат
1022 0

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган мажлисида нутқ сўзлади.
Унда Президентимиз томонидан илгари сурилган айрим энг долзарб ташаббусларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Транспорт ҳамма учун муҳим
Юртбошимиз ШҲТнинг Халқаро транспорт-логистика ассоциациясини таъсис этиш имкониятини кўриб чиқишни, шунингдек, Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишни таклиф этди.

Зеро, ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бугунги кунда жуда муҳимдир.

Ўз навбатида Президент “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Сабаби ташкилотга аъзо давлатларга жаҳоннинг энг йирик бозорларига элтадиган янги ва энг қисқа йўналишлар керак.

Бинобарин, Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линияларини қуриш тарафдори.

АКТсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди
Президент ҳар йили ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказишни таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбари инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга даъват этди.

Мазкур шериклик эса юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий тиббиётни ривожлантириши ва кенг жорий этишга қаратилиши лозим.

Туристларга кенг йўл
Ўзбекистон томони биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тамаддунлар чорраҳаси – Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм университети ташкил этишни таклиф қилди.

Бу ерда туризм соҳасининг энг яхши мутахассислари дарс бериши, барча аъзо мамлакатлардан талабалар таҳсил олиши мумкин бўлади.

Юртбошимиз, шунингдек, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсадга мувофиқ ва ғоят долзарб аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Тўсиқсиз муҳит
Мамлакатимиз томонидан ШҲТнинг мазкур анжуманида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтириш масаласини ҳам илгари сурди.

Зотан, жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдо ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошган.

Президентимиз фикрича, товар айирбошлаш ҳажми янада ошишини таъминлаш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш зарур.

Ўзбекистон, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш тарафдоридир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019