Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

18:16 20 Март 2019 Сиёсат
374 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Касим-Жомарт Токаевни Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклаб, давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Бу Қозоғистоннинг атоқли ўғлони, Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг, бутун Қозоғистон халқининг янги Президентга ишончи юксак эканининг навбатдаги ёрқин далилидир.

Қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари изчил мустаҳкамланаётгани, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган ўтган йилда товар айирбошлашнинг рекорд кўрсаткичларига эришилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилди, икки мамлакат бизнеси ва ҳудудлари даражасидаги мулоқот, жумладан, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.

Жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Қозоғистон йили доирасида тадбирларга бой қўшма режа қабул қилинди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳим эканини қайд этдилар.

Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев самимий тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдирди ва олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари баҳор айёми — Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги, бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019