Шавкат Мирзиёев: мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ

17:59 21 Декабрь 2018 Сиёсат
412 0

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 июнь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қуриладиган ҳудудга ташриф буюриб, унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги кунда бино конструкциялари қад кўтариб, қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимизнинг ислом ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шундай ташаббуслардан бири - «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли резолюция қабул қилиш таклифи БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ислом цивилизацияси маркази умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказиш, жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Уч қаватли марказ қадимий мадрасаларимиз услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади.   Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.

Президентимиз қурилиш жараёни билан танишди. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади.

- Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019