Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

09:03 06 Август 2018 Сиёсат
240 0


Шавкат Мирзиёев 5 август куни Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж хонимни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади.

2018 йил июнь ойида Хитойнинг Синдао шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ва унинг якунлари бўйича эришилган келишувлар амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.

Суҳбатда икки давлат ўртасидаги кенг кўламли, аввало савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Фармацевтика ва тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирувчи халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд ва бош вазири Нарендра Модининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Сушма Свараж Ҳиндистоннинг Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар