Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этади

15:46 13 Июнь 2018 Сиёсат
1158 0

Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 2018 йил 14 июнь куни Москва шаҳрига ташриф буюради" дейилади хабарда.

Олдинроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эртага Москванинг “Лужники” стадионида бўлиб ўтадиган ЖЧ-2018 очилиш маросимида иштирок этадиган юқори мартабали меҳмонлар ҳақида маълум қилган эди.

Унга кўра, жаҳон чемпионатининг очилиш маросимига Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Боливия Президенти Эво Моралес, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков, Панама Президенти Хуан Карлос Варела, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Парагвай Президенти Орасио Картес, Руанда Президенти Пол Кагаме, шунингдек, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Ливан Бош вазири Саад Харири ва КХДР парламенти раиси Ким Ён Нам иштирок этиши маълум бўлган.

Маълумот учун, 14 июнь куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви «Лужники» стадионида бўлиб ўтади ва унда Россия ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўзаро майдонга тушади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар