Шавкат Мирзиёев: “Энг катта хавф — ички душман”

16:09 14 Август 2018 Сиёсат
563 0

Давлатимиз раҳбари жорий йил 10 август куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманини ривожлантириш ва турар жой соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Президентимиз қатор долзарб масалаларга тўхталиб ўтиб, бу борада аниқ таклифлар берди.Газета.uz ана шу йиғилишда таъкидланган фикрлардан иқтибослар келтириб ўтади.

Ҳақиқий Тошкент

“Барчамиз Тошкент марказидаги муҳташам бинолар ва обод маҳаллаларни кўриб, Тошкент — ер юзидаги энг чиройли шаҳарлардан бири деб мақтанамиз. Бироқ бу обод бинолар орқасидаги маҳаллалардаги ҳақиқий аҳвол қандай эканлигини сизлар ҳозир Шайхонтоҳур туман мисолида видеолавҳадан кўрасиз”, — деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тумандаги жиддий таъмирга муҳтож қатор мактаблар, шифохоналар, болалар боғчалари, ташландиқ бинолар, чиқиндихонага айланган ер участкалари ва каналлар ачинарли ҳолатдаги новвойхона ва ошхоналар, қабристонга қўшилиб кетган уйларда яшаётган одамларни кўриб деярли барча раҳбарлар наҳотки Тошкентда шундай жойлар бор, деб ҳайрон бўлаётган бўлса керак.

“У Андижонда ёки Сурхондарёда эмас Тошкентда бу. Марказда. Сирғалида эмас, Бектемирда эмас, Шайхонтоҳурда. Аҳоли эса бундан ҳайрон бўлмайди. Чунки аҳоли мана шундай аҳволда, муҳандислик-коммуникациялари ва томлари чириб кетган кўп қаватли уйларда ҳамма ёғи чиқинди босиб кетган маҳаллаларда яшаб келяпти.

Ўзи яшаётган маҳалла ҳудудининг ҳамда ҳаёт манбаи бўлган сув оқадиган анҳор ва ариқларнинг чиқиндихонага айлантирган, канализация қувурларини ариқларга чиқариб қўйган шахсларга маҳалла фаоллари ва умуман аҳолининг бефарқ бўлиб қараб тургани ҳам бизни қаттиқ афсуслантирмоқда”.

Муносиб ўрин топиш

Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманининг бундай яшашга ҳаққи йўқ, дея таъкидлади. “Қачонлардир кимдир буни қилиши керак-ку. Ҳаммамиз халқимизга хизмат қилишни ўргана олсак, одамлар талаб қилгандек, ўшанда ўзгариш бўлади. Нима учун бу мавзуга бундай ёндашяпман? Биз жуда оғир замонда яшаяпмиз. Глобаллашган замонда ҳар бир давлат, ҳар бир миллат ўзининг сиёсатини, ўзининг манфаатини, ўзининг ўрнини топиши ниҳоятда оғир. Кечаги таҳлил бугунги кунга тўғри келмаяпти. Ўзингиз кўриб турибсиз, бугун халқаро сиёсий майдонда қандай воқеалар содир бўляпти, йирик давлатлар бир-бирига қарши”, - деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиши ва мамлакат иқтисодини кучайтириши керак. “Бугун Ўзбекистон аҳолиси 33 миллион кишини ташкил этмоқда, ҳар йили ярим миллиондан кўпаймоқдамиз. Албатта, бу — катта қудрат, лекин бу 33 миллионни боқиш керак, пенсия бериш керак, мактабини тўғирлашимиз керак, ойлигини ўз вақтида беришимиз керак, мактабгача тарбия қилишимиз керак, уйлар қуришимиз керак”, — дея таъкидлади президент.

Турар жой

Ўтган йили 4088 та хонадон қурилган бўлса, бу йилнинг ўзида 28 минг хонадонли 668 та кўп қаватли уй қурилмоқда. “Бу фақат Тошкент шаҳрида. Биз тарихда биринчи марта бепул уйлар берамиз. Ногиронларга, кам таъминланган оилаларга, муҳтож одамларга. Биз 27 йилда бермаганмиз бепул уйлар. Садоқат билан ишлаган, бюджетдан ойлик оладиган одамларнинг ҳам невараси бор, унинг ҳам хоҳиши бор уй олишга. Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб,биз Тошкентда мана шундай катта марра олдик”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбиркорлик

Президент Ўзбекистон етарли миқдордаги ишчи ўринларини яратиш учун тадбиркорлик учун энг қулай шароитларни яратиши, тўсиқларни олиб ташлаши, бюрократияни меъёрлаштириши кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Бизда ҳали бюрократия тизими ўзгармагани учун, ҳали прокурор, ички ишлар, солиқчи, ҳоким, ер берувчи, газ уловчи, свет уловчининг дунёқараши ўзгармагани учун тадбиркорга йўл йўқ. Қандай бўлмасин тўсиқ қўйиш йўлидан юрибди. Олдинги тизимга ўхшаб тадбиркор душман, бой бўлади… Бой бўлсин, биринчи кундан буён айтяпман: халқимиз бой бўлмаса давлат бой бўла олмайди. Иложи борича ҳар бир соҳада шароит яратиш, имконият яратиш бўйича жуда катта ҳаракат қиляпмиз. Лекин бир нарса билинглар: бу осон бўлмайди”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, пастда ишлаган одамларнинг билими, савияси, садоқати, фидойилиги етишмаяпти.

Маҳаллий бюджетлар

Жорий йилда республика бўйича прогнозга нисбатан жами 8,1 трлн. сўм солиқ йиғилиб, шундан 6 трлн. сўми маҳаллий бюджетлар ихтиёрига қолдирилади. Тошкент шаҳрида эса прогнозга нисбатан 2 трлн сўмдан кўп солиқ тушиб, маҳаллий бюджетга 1,5 трлн сўм қолади.

“Маҳаллий бюджетга қанча кўп пул туширсак, шунча халқимизга ишчи жойи яратамиз, мактаб, болалар боғчаси, йўл, боғ урамиз. Худди ўзимизнинг уйимизга ўхшаб ҳаракат қилсак, ана шунда ватанимиз обод бўлади. Бу меники эмас, деб ҳаракат қилсак, томошабин бўлсак, қип-қизил хиёнатчи бўламиз ва ўзимизга эмас, неварамизга хиёнат қилган бўламиз!” - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бугун Шайхонтоҳур туманига 11 минг ишчи жойи керак. Лекин бугун 20 мингта ишчи жойларини яратиш бўйича чора-тадбирларни кўрдик. 2018−2019 йилларда 2,14 трлн. сўмлик 97 та лойиҳа амалга оширилади. “Ота-она учун боласи бориб ишда бўлиб, ўзининг бахтини топишидан катта бахт борми ҳозирги замонда?” — дея савол берди президент.

Ички душман

Шавкат Мирзиёевнинг асосий мақсадларидан бири — Тошкентнинг ўзига муносиб ўрнини эгаллаши. Қоғозда эмас, ҳисоботда эмас, кўз-кўз қилиш учун эмас — амалда ҳавоси ҳам, муҳити ҳам, адолатлилиги ҳам, ватанпарварлиги ҳам мана шундай катта давлатимизга ўрнак бўлиши керак. Ҳар бир маҳалланинг раиси илмли бўлиши керак. Ўзимизга ўзимиз кўп-кўп муаммолар туғдирганимиз рост. Қонунларимизнинг ишламагани рост. Адолатсизлик, бюрократия, коррупция — булар рост гаплар. Мени ким алдай олади? Мен пастда юрган одамман. Вақт -энг катта ҳакам. Лекин шу вақтни ютқазсак, бизга ҳеч ким ишонмайди. Энг катта хавф — ички душман. Ким ички душман? Бефарқ одам! Худо бефарқликдан сақласин. Худо таоло ўша бефарқ одамга ҳам инсоф бериб, ўзининг эртанги кунини фарзандларининг эртанги кунини фаровон қилишга белини маҳкам боғлаб ишласа, албатта натижа бўлади. Сизлар ишонинглар — биз тўғри йўлдамиз”, - деди Президент.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар