«Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон эски сиёсий траекториядан узоқлашиб, мутлақо янги жараённи бошдан кечирмоқда»

10:39 25 Май 2018 Сиёсат
1561 0
Foto: ca-news.org

АҚШнинг нуфузли “The National Interest” журналида чоп этилган мақолада ана шундай фикр билдирилади.

Мақола муаллифи — таниқли таҳлилчи, Америка ташқи сиёсат бўйича кенгаши (“American Foreign Policy Council”) вице-президенти Илан Берманнинг ёзишича, 2016 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган туб ислоҳотларни бошлади. Мазкур жараённи ягона тизимга солган ҳужжат сифатида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қайд этилади.

“Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакат эски сиёсий траекториядан узоқлашиб, мутлақо янги жараённи бошдан кечирмоқда. Хусусан, иқтисодий соҳада республика хорижий сармояларни жалб қилиш учун қатор муҳим қарорларни қабул қилди, улар орасида хорижий валюта ҳаракати устидан назоратни енгиллаштириш алоҳида ўрин тутди. Натижада қисқа муддатда ички ҳамда ташқи савдо ҳажми ортди, ўзбек ишбилармонлари ва компаниялари миллиардлаб долларлик шартнома ҳамда битимларни имзоладилар”, дейилади материалда.

Сиёсий жабҳада амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида сўз кетганда, муаллиф суд тизими мустақиллигининг мустаҳкамланиши, хавфсизлик органлари фаолиятининг тартибга келтирилиши, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясининг ортишини алоҳида таъкидлайди.

Илгари халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифларини “ички ишларга аралашув” сифатида баҳолаб келган Ўзбекистон “Human Rights Watch” институти ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари билан муносабатларда очиқлик намоён этаётганига юқори баҳо беради.

“Ташқи сиёсатда Шавкат Мирзиёев маъмурияти Марказий Осиёни ўзининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олди. Бунинг натижаси ўлароқ, чорак асрлик тортишув ва бўлинишлардан сўнг ўтган икки йил минтақанинг беш давлати ўртасидаги алоқаларнинг мисли кўрилмаган фаоллашуви даври бўлди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан транспорт ҳамда инфратузилма соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам янги ўсиш суръатини кўрсатди”, деб ёзади Илан Берман.

Ташқи сиёсий жабҳада Ўзбекистон раҳбарияти узоқ муддатга мўлжалланган улкан режаларни кўзлаётганини билдираркан, мутахассис “Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ўзгаришлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам қўллаб-қувватланмоқда”, деб таъкидлайди. Шу маънода, таҳлилчи ўтган йили Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё, бу йил эса Тошкентда Афғонистон бўйича йирик халқаро конференциялар ташкил қилинганини эслатиб ўтади.

“Ўзбекистон Президентининг Америка Қўшма Штатларига яқинда амалга оширган расмий ташрифи ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ташриф Шавкат Мирзиёевга ўз мамлакати келажагига қарашини дунё билан бўлишиш, сармоялар жалб этиш ва давлатнинг халқаро обрўсини орттириш учун имконият яратди”, дейди “American Foreign Policy Council” вице-президенти.

Муаллифнинг фикрича, ўз навбатида, Дональд Трамп маъмурияти Ўзбекистонга алоҳида эътибор билан қарамоқда. Бу Вашингтон Ўзбекистондаги ўзгаришларни ҳақиқий ҳамда барқарор билиб, уларнинг қанчалик улкан аҳамиятга эга эканлигини яхши англаши ва қўллаб-қувватлашини ифодалайди.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи»)
тайёрлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?