Шарғун шаҳарчасини обод қилиш кимларнидир норизо қилиш эвазига бўладими?

15:26 03 Июль 2019 Жамият
725 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасида истиқомат қилувчи “Ишонч-1” кичик корхонаси таъсисчиси Райимқул Сувонқулов таҳририятимизга мурожаат йўллаб, корхонасига қарашли Шарғун шаҳар, “Феруз” маҳалласи, мустақиллик кўчасида жойлашган 191, 15 кв.м. дан иборат бўлган аҳолига маиший хизмат, комьютер ва автоуловларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ноқонуний бузиб ташлангани, аммо бузилган иншоот эвазига компенсация тўлаб берилмаётгани ҳақида шикоят қилган. Ушбу мурожаат жойига чиқиб ўрганилди.

Маълумот ўрнида. Давлатимиз раҳбари яқинда Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Сариосиё туманида бўлиб, республика бўйсунувидаги Шарғун шаҳарчасини обод марказга айлантириш бўйича кўрсатмалар берганди. Шунга кўра, ҳозирда ҳудудда кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

“Мен Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасида истиқомат қилувчи бир фуқаро сифатида ҳудудимизда рўй бераётган ўзгаришларни ижобий баҳолайман. Аммо, ҳудудни обод қилиш, янги иншоотларни қуриш ишлари мен каби оддий фуқароларни норизо қилиш эвазига амалга оширилмаслиги керак, деб ўйлайман.

Гап шундаки, 2007 йили ўша вақтдаги Шарғун шаҳар ҳокими Х. Мингбоев, Сариосиё тумани ҳокими П. Мадиев томонидан тегишли қарорлар асосида Шарғун шаҳарчаси мустақиллик кўчаси ҳудудидан “Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, компьютер ва автоуловларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси” қуриш учун ер майдони ажратилганди. 2007 йил 5 январь санасида имзоланган далолатномага биноан ажратилган мазкур ер майдони шаҳарсозлик, санитария-техник нормаларга мос келиши мутасаддилар томонидан тасдиқланган. Шундан сўнг, ўз ҳисобимдан иншоотни бунёд этиб, ўтган вақт мобайнида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётгандик”.

Фото: «Халқ сўзи»

“Тегишли қарор ва қонуний меъёрлар асосида бунёд этилган иншоотни бузиш ҳақида огоҳлантириш хатини олдик. Ҳудуднинг янги меъморий лойиҳаси бўйича бузилиши талаб қилинган иншоотимиз учун тўловни амалга оширишга келганда мутасаддилар менга “чап беришмоқда”. Бир чақа ҳам бермасдан иншоотни бузиш адолатданми? Ахир, 191, 15 кв.м. дан иборат бўлган аҳолига маиший хизмат ва автоуловларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси 179824179 сўмга баҳоланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил №97-сонли қарори талабига кўра, давлат ихтиёрига ўтаётган жой, бузилган иншоот эвазига компенсация тўланиши лозим. Нима учундир менинг бу борадаги талабим асоссиз рад этилмоқда?”.

Жорий йилнинг 18 июнь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманлараро иқтисодий суди томонидан 4-1903-1901/24-сонли иш томонлар иштирокида муҳокама қилинди. Судда даъвогар – Сариосиё тумани ҳокимлигининг “Ишонч-1” кичик корхонасига нисбатан Сариосиё тумани Шарғун шаҳар “Феруз” маҳалласи, Мустақиллик кўчаси, Шарғунсой ҳудудида ўзбошимчалик билан шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда қурилган 191,15 кв.м. дан иборат бўлган маиший хизмат ва автоуловларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси биносини бузиш тўғрисидаги даъвоси ва“Ишонч-1” кичик корхонасининг туман ҳокимлиги ва туман молия бўлимидан бино бузилиши муносабати билан етказилган 179824179 сўм зарарни ундиришга оид даъвоси муҳокама қилинган. Суд иши якунида масала Сариосиё тумани ҳокимлиги фойдасига ҳал этилган.

Фото: «Халқ сўзи»

“Сурхондарё вилояти Сариосиё туманлараро иқтисодий суди томонидан Сариосиё тумани ва Шарғун шаҳар ҳокимлигининг 2007 йилда ер майдони ажратиш бўйича тегишли қарорлари, шу ҳақдаги техник шарт ва хулосалар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил №97-сонли қарори инобатга олинмай, бир ёқлама қарор қабул қилишини қандай баҳолаш мумкин? Суд қарори қабул қилингач, 24 июнь куни иншоот ҳокимият томонидан ўзбошимчалик билан бузиб ташланди. Энди мен додимни кимга айтишга ҳайронман?!

Фото: «Халқ сўзи»

Корхонамизга тегишли иншоотнинг бузилишига бош сабаб қилиб, Шарғунсой муҳофаза зонасида жойлашгани кўрсатилди. Шу важ билан кўп йиллик масжид биноси ҳам бузиб ташланди. Муҳофаза зонасидаги иншоотларни бузиш ишлари амалга оширилаётган бир пайтда нима учундир “Феруз” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси мана шу талабларга зид равишда, шундоққина сой қирғоғида янгидан бунёд этилмоқда. Энди бунисига нима дейсиз? Қонун ҳамма учун баробар эмасми? Бу масаланинг бир томони. Муҳими, бизнинг бузилган иншоотимиз ўрнига на ер майдони, на компенсация тўланмаслик адолатданми?”.

Фото: «Халқ сўзи»

Мазкур мурожаатни ўрганиш чоғида бизга яна ўнлаб фуқаролар у ёки бу маънода адолат мезонлари бузилаётганидан шикоят қилиб, арзу-додларини баён этишди. Демак, Райимқул Сувонқулов сингари бошқа арзгўйларнинг ҳам бугун тинчи бузилган. Мутасаддилар бу масалага панжа орасидан қарамасдан, ҳар бир ҳолатни атрофлича ўрганиб, қонуний ечим топишлари лозим эмасми? Чунончи, Шарғун шаҳарчасини обод масканга айлантиришдан кўзланган пировард мақсад - шу ерлик аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини оширишдан иборат.

Дарвоқе, собиқ ҳокимлару мутасаддилар томонидан қабул қилинган қарорлар гарчи ноқонуний, белгиланган қонунчилик талабларига зид, деб топилган тақдирда фуқаронинг айби нимада, деган ҳақли савол туғилади?! Бу ҳақда Сариосиё тумани ҳокимлигидан жавоб кутиб қоламиз. Ва албатта бу мавзуга яна қайтамиз.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019