Шахсий томорқа хўжалиги эгаси уни ҳимоя қила оладиган қонунни кўрсатишимни сўраганди

11:18 21 Август 2020 Сиёсат
243 0

Фаолиятимиз сабаби билан аҳоли орасида кўп бўламиз. Қўмитамиз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда сайловчилар билан учрашувларда уларнинг аграр соҳадаги муаммолари билан кўпроқ қизиқамиз. Айниқса, кейинги давр мобайнида аҳоли вакилларининг томорқа хизматлари, томорқалардан фойдаланиш юзасидан қатор масалаларига биргаликда жавоб топишга ҳаракат қилдик. Масалан, амалдаги қонунчиликда якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаганлиги учун ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш кўзда тутилган. Бироқ қонунчиликда шахсий томорқа ер участкаси тушунчаси, шахсий томорқа хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш масалалари ёритиб берилмаган. Шунинг учун ҳам бугуннинг ўзи мазкур масалаларни қамраб олган қонун ишлаб чиқишни тақозо қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига муҳокама учун тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ўзида юқоридаги мақсадлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишни таъминлаш масалаларини ҳам ўзида ифода этмоқда. Шунингдек, яна бир жиҳатни алоҳида қайд этиш керак. Бу ҳам бўлса, мазкур қонуннинг ишлаб чиқилишини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 1 майдаги қарори ижросини таъминлаш ҳам тақозо қилди.

Шу ўринда бир гал мулоқотларнинг бирида дуч келган ушбу мавзуга алоқадор ҳолат ёдимга тушди. Наманган вилоятида сайловчилар билан очиқ учрашувларнинг бири. Иштирокчиларнинг аксарияти деҳқонлар, фермерлар, ер эгалари. Аграр соҳа муаммоларини бартараф этиш юзасидан баҳс-мунозара қизигандан қизиган. Шунда ёшроқ бир йигит сўз олиб, ўртага дангал савол ташлаганди. Маълум бўлишича, каттагина шахсий томорқа хўжалигини юритаркан. Аммо ҳар гал қайсидир йўналишларда муаммога дуч келаркану, ечимига келганда, ё ўзининг ҳуқуқларини билмас экан, ёки қайсидир ваколатли органнинг шахсий томорқа хўжаликлари соҳасидаги вазифаларини рўкач қилолмас экан... Хуллас, «мени ҳимоя қиладиган қонун борми?» деган саволини, очиғи, очиқ қолдиришга мажбур бўлгандим. Тўғри, бошқа шунга яқин меъёрий ҳужжатларни кўрсатдим, қачон бўлса, ёрдамга тайёр эканлигимни айтдим, лекин барибир мана шу йўналишда, албатта, қонун ишлаб чиқиш зарурати борлигини ҳис қилгандим.

Мана, айни ният муддаога айланиб, бугун мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасидамиз. Қувонарли жиҳати шундаки, лойиҳа қўллаб-қувватланса, шахсий томорқа ер участкаси, шахсий томорқа хўжалиги, шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланади, шу билан бирга ваколатли давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларининг шахсий томорқа хўжаликлари соҳасидаги вазифалари ва иштироки таъминланади. Лойиҳанинг қабул қилиниши билан фуқаролар томонидан томорқа хўжалиги фаолиятини амалга ошириш шахсий тартиби белгиланиб, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шахсий томорқа хўжаликлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари қонуний жиҳатдан мустаҳкамланади.

Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?