“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

13:41 21 Июнь 2019 Сиёсат
557 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Мунисхон Каримова, “Халқ сўзи“. Олий Мажлис Сенатида йигирманчи ялпи мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз ишини давом эттирмоқда.

Сенаторлар “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, бугунги кунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш долзарб масаладир ва бу нафақат интернет технологияларининг шиддат билан ривожланиши ва умуман глобаллашув, балки фуқароларнинг шахсий ҳаётга доир ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ. Қонун шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган воситаларидан, шу жумладан ахборот технологияларидан қатъи назар, юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги, шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги, субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги, шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлиги асосий принциплар сифатида мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, Қонунда давлат органларининг бу соҳадаги ваколатлари белгиланмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, давлат дастурларини тасдиқлайди, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш ва давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди, тегишли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда ушбу маълумотларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини, улар ҳимоясини таъминлайдиган талабларни, биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлардан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади, шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг ҳамда мулкдорнинг ва операторнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи таркибий бўлинмаси ёки ваколатли вакили фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлайди, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритади, шахсга доир маълумотлар базасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради, давлат назоратини амалга оширади, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади, шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди, ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва мазмунини, фаолият турини, шахсга доир маълумотлар хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳақиқийлигини таҳлил қилади, қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида кўрсатмалар киритади.

Шу билан бирга, Қонунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамланмоқда, у шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя этилишини, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди. Шунингдек, Қонунда бундай маълумотларнинг махфийлиги, уларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларига киритиш учун субъектнинг ёзма розилигини олиш, шунингдек субъектнинг шахсга доир маълумотларини ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан унинг мурожаатига кўра чиқариб ташлаш таъминланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019