Шаҳрисабзда мақомнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни мавзусида халқаро конференция иш бошлади

18:37 07 Сентябр 2018 Жамият
436 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Мақсуд ЖОНИХОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири, Шаҳрисабз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизнинг гўзал ва мафтункор гўшаларидан бири Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтмоқда. 7 сентябрь куни мазкур нуфузли тадбир доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, ЮНЕСКО департаменти бошлиғи Хосарахар Жоти Висверварая, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Исмат Нусуров ва бошқалар Халқаро мақом санъати анжумани кўтаринки руҳда бошланганини, у ўзининг кўлами, миқёси, қамраб олинган мавзулари жиҳати билан ажралиб туришини таъкидлади. Шарқ халқларининг бетакрор миллий мумтоз мусиқаси бўлган мақомларни ўрганиш, азалий анъаналарни тиклаш, замон руҳи билан суғорилган ижроларни шакллантириш ва жаҳон узра кенг тарғиб этиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Мазкур илмий-амалий анжуманда Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Ироқ, Тунис, Миср, Туркия, Афғонистон, Бангладеш, Озарбайжон, Германия, Венгрия, АҚШ, Франция, Тожикирстон, Италия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан мақом санъатини ўрганиш бўйича йирик тадқиқотлар олиб бораётган таниқли мақомшунос ва мусиқашунос олимлар ўз маърузалари билан иштирок этмоқдалар. Анжуман шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этмоқда. Унинг якунида махсус Декларация қабул қилиниши кўзда тутилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тадбирлар доирасида Мақом музейининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш, унинг натижаларини эълон қилиб бориш Оқсарой майдонида жойлашган мазкур музей фаолиятининг асосий вазифалари сирасига киради.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Кеча, шунингдек, Халқаро пресс-клубнинг ушбу нуфузли анжуманга бағишланган махсус сессияси ҳам уюштирилди. Унда иштирок этган хорижлик меҳмонлар, маҳаллий ва чет элдан келган оммавий ахборот воситалари ходимлари мақом санъати анжуманининг очилиш маросими, Президентимиз нутқи катта таассурот қолдирганини айтиб ўтишди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Халқаро пресс-клуб ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов сўзга чиқди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар