Шаҳрисабзда 10 минг нафар ишсиз фуқаронинг 6 мингга яқини ёшлар эканлиги нега маҳаллий раҳбарларни ташвишлантирмаяпти?

11:55 30 Август 2020 Сиёсат
444 0

Бу ҳақда 29 август куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида айтиб ўтилди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари иштирок этиб, маҳаллий Кенгаш депутатларини халқ орасида бўлиб, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни дадил кўтариб чиқишга ундашмоқда.

Туманда юқорида таъкидланган муаммоларни бартараф этишда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги, бунда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллиги сезилмаётгани, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларга маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, иш ўринлари очишга эътибор қаратилмаётгани танқид қилинди.

— Шаҳрисабз туманида 10 минг нафар ишсиз фуқаронинг 6 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этиши маҳаллий раҳбарларни ва депутатларни ташвишга солиш керак, — деди А.Хаитов. — Шундай зилол суви, олтинга тенг ери бўлган Шаҳрисабзда ёшлар ишсиз юрса, бу мантиққа тўғри келмайди. Маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб, ҳар бир ёшга мевали боғлар яратиш, малина каби экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун 0,5 гектардан 1 гектаргача ер ажратилса, улар астойдил меҳнат қилишига мен ишонаман.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова, туман раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалар билдириб ўтишди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?