Шаҳрисабз туман электр таъминоти корхонасига сохта далолатномалар нега керак эди?

15:49 02 Июль 2018 Жамият
594 0
Иллюстратив фото

Шаҳрисабз туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига истеъмолчи Шаҳрисабз туман “Хитой” МФЙ, Хитой қишлоғида яшовчи фуқаро Сирожиддин Умаров ариза билан мурожаат қилди.

Фуқаро ўз мурожаатида туман электр таъминоти корхонаси ходимлари хатти-ҳаракатидан норози эканлигини билдириб, яшаб келаётган хонадонида мавжуд бўлган 268-161-сонли абонент ҳисоб рақами орқали электр энергиясидан фойдаланиб келганлиги ва тўловларни ўз вақтида амалга оширганлигини қайд этган. Аммо, туман электр тармоқлари корхонаси компьютер базасидаги маълумотлар эса бунинг аксини кўрсатган. Унга кўра, истеъмолчи ҳисоб рақамига 02КШ 005886-сонли далолатнома тузилиб, ушбу далолатнома асосида 268-161-сонли абонент ҳисоб рақамига 740 361 сўм қарздорлик қўлланилган. Шунингдек, фуқаро номига қўшимча равишда 268-191-сонли абонент ҳисоб рақами ҳам очилиб, мазкур ҳисоб рақами бўйича хатлов ўтказилган ва хатлов далолатномаси асосида 308 985 сўм жарима ҳисобланган. Ушбу маълумотлар туман электр таъминоти корхонаси компьютер базасига киритилиб келинган.

Фуқаро С. Умаров туман электр таъминоти корхонасига ушбу ҳолатга аниқлик киритиш ва хонадонига асоссиз қўлланилган қарздорликларни бартараф этишларини сўраб бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, бироқ унинг талаби таъминотчи корхона томонидан доимий равишда рад этилган.

Мурожаатдаги ҳолатни бартараф этиш ва истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман жамияти мутахассислари иштирокида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Ўрганишлар давомида таъминотчи корхона ходимлари томонидан фуқаро номига тузилган хатлов далолатномалари нусхаси ўрганилди. Натижада ҳар иккала далолатномадаги имзо ҳам фуқарога ёки унинг оила аъзоларига тегишли эмаслиги, қалбаки имзони ким қўйганлигини билмасликлари, далолатнома нусхаси истеъмолчи ёки унинг оила аъзоларига қолдирилмаганлиги ва қонун бузилиш ҳолати аниқланган бўлса бу ҳолат юзасидан 2011 йилдан 2017 йилга қадар истеъмолчи хабардор қилинмаганлиги маълум бўлди.

Шу боисдан туман электр таъминоти корхонаси томонидан фуқаро С.Умаров хонадонига далолатномалар асосида ҳисобланган қарздорликларни асословчи ҳужжатлар йўқлиги сабабли ишда тўпланган маълумотларга асосланиб, туман жамияти ходимлари томонидан фуқаронинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, истеъмолчи хонадонига қўлланилган жами 1 049 346 сўм қарздорликни ундириш рўйхатидан чиқариш мажбурияти Шаҳрисабз туман электр таъминоти корхонаси зиммасига юклатилди ва истеъмолчининг талаблари қаноатлантирилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар