Шаҳрисабз тажрибаси: меҳмон уйлари меҳмонхона бизнесининг энг жозибали тармоғига айланмоқда

12:21 09 Февраль 2019 Жамият
958 0

Муаллиф олган сурат.

Саид Раҳмонов, “Халқ сўзи ONLINE” хабар қилади.

“Info-Tour”нинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари туризм индустриясининг устунларидан бири бўлган меҳмонхона хизматлари тармоқларини кенгайтириш лойиҳалари билан танишдилар.

Тақдимотларда айтилганидек, Қашқадарё вилоятида келгуси икки йил ичида ушбу жабҳада 148,5 миллиард сўм ўзлаштирилиб, 15 та замонавий меҳмонхона, 1,8 миллиард сўмлик маблағ эвазига 40 та меҳмон уйи, ўтов уйлар ва дам олиш уйларини ташкил этиш лойиҳалари рўёбга чиқарилади. Шунингдек, 72 миллиард сўмлик маблағ 4 та аҳоли дам олиш масканларини барпо этишга йўналтирилади.

Муаллиф олган сурат.

Шаҳрисабз тажрибаси шуни кўрсатяптики, меҳмон уйлари меҳмонхона бизнесининг энг жозибали тармоқларидан бирига айланган. Чунки чет эллик сайёҳларни кўп юлдузли ўта замонавий ҳамда ҳашаматли меҳмонхоналардан кўра, миллий услубдаги, ўзбекона тутумга кўра ташкил этилган меҳмон уйлари кўпроқ қизиқтирмоқда. Улар ана шундай масканларда ҳордиқ чиқариб, халқимиз турмуш тарзи, урф-одатлари ва анъаналари билан яқиндан танишишни маъқул кўришяпти.

— Шунинг учун кўҳна Кеш тарихий марказидаги мавжуд 7 та маҳаллада шу каби лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратиляпти, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Шоҳруҳ Жалолов. — Натижада бу шаклдаги оилавий бизнесини йўлга қўйганлар 30 га етди. Улар сафига тез орада яна 50 та оила қўшилиши кутилмоқда. Уларга 25 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар берилаётгани оилавий бизнесини йўлга қўйишида қўл келяпти.

Тадбир иштирокчилари ана шундай меҳмон уйларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Рашидхон Ҳайдаров оилавий бизнесини йўлга қўйган шундай тадбиркорлардан биридир.

Муаллиф олган сурат.

Қадимий ҳовли. Киришингиз билан кўзингиз ток сўриси, унинг тагида қўйилган иккита каравотга тушади. Унга ўзбекона усулда кўрпача солиниб, хонтахта қўйилган. Меҳмонлар шу ерда тамадди қилиш асносида ёзги ошхонада тандирда нон ёпиш, ўчоқда таом тайёрлаш жараёнига гувоҳ бўладилар. Хоҳлашса, ўзлари ҳам ўзбек миллий таомларини хонадон бекаси кўмагида тайёрлашлари мумкин.

— Бу уйни отамнинг боболари қуришган, — дейди хонадон соҳиби Рашидхон Ҳайдаров. — 200 йиллик тарихга эга. Учта хонадан иборат. Улар қурилишига ҳеч қандай ўзгартириш киритмасдан, ўзбекона усулда жиҳозлаганмиз. Бир пайтнинг ўзида 12 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятимиз бор.

Тадбир иштирокчилари шу каби меҳмон уйлари билан бирга, “Kesh Palace” ҳамда бошқа замонавий меҳмонхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019