Сессияда мҳаллий кенгашлар депутатларининг фаоллиги талаб этилди

18:46 24 Октябр 2020 Жамият
108 0

Бозорларни арзон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бугун кун тартибидаги долзарб масалага айланди. Сабаби ҳаммамизга маълум, аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган ун, шакар, ўсимлик ёғи, тухум, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархи кутилмаганда кескин қимматлашди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда атрофлича муҳокама қилинган — ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари ижроси Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 19-сессиясида батафсил кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вилоятнинг сектор раҳбарлари ва ОАВ ходимлари иштирок этган ушбу йиғилишда таъкидланганидек, 2021 йил май ойига қадар вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қоплаш ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасида шошилинч чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Сессияда Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг раиси, сенатор Рустам Холматов бу борада батафсил тўхталаркан, жумладан бундай деди:

Вилоятимиз аҳолиси эҳтиёжига талаб этиладиган маҳсулотларни сақлаш учун қуввати 190,1 минг тонна бўлган 344 та омборхоналар мавжуд бўлиб, май ойига қадар маҳсулотларни тўлиқ сақлаш имконияти яратилган. Кишиларнинг гўшт, картошка, гуруч, ун ва тухумга бўлган эҳтиёжи тўлиқ равишда ички имкониятларимиз ҳисобидан қопланади. Фақат иккита маҳсулот — шакар ва ўсимлик ёғининг бир қисмини ташқаридан олиб келишимиз лозим бўлади. Масалан, ўсимлик ёғи қўшни Қозоғистон ва Россия давлатларидан келтирилади.

Вилоятимизнинг мавжуд еттита шаҳарлари аҳолисига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муттасил етказиб бериш юзасидан 15 та туманлардаги мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли шартномалар тузилиб, арзон нархлардаги маҳсулотлар билан таъминлаш жараёни бошлаб юборилди.

Туман ва шаҳарлар бўйича 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун талаб қилинадиган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотлари ҳажмини ҳисоб-китоб қилиб, ушбу маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорларга чиқариш ҳамда молиялаштириш учун озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида вилоят хокимлигининг қарори қабул қилинди.

Муайян ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, аҳолини гуручга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида Қуйи Чирчиқ туманида «Шоли маҳсулотларини қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш» корхонаси қуриб битказилди. Бундан ташқари, Бўка туманида йиллик қуввати 3 минг 600 тонна шолини қайта-ишлаш имкониятига эга бўлган «Эстрн премиум-райс» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда, вилоятда 159 минг тонна картошка, 121,6 минг тонна пиёз, 129 минг тонна сабзи, 266,8 минг тонна гўшт, 917,8 минг тонна сут, 1 500 млн. дона тухум ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Вилоятда аҳоли эҳтиёжига талаб этиладиган маҳсулотларни сақлаш учун қуввати 190,1 минг тонна бўлган 344 та омборхоналар (шундан 141 таси 148,4 минг тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли омборхоналар) мавжуд бўлиб, маҳсулотларни май ойигача тўлиқ сақлаш имконияти яратилган.

Ижтимоий соҳа — мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасалари талабини қондириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 7 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи арзон бўлган айни кунларда уларнинг тегишли миқдордаги захирасини жамғариш тизими шакллантирилди. Шунингдек, ҳудудимиз аҳолиси учун етишмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келувчи тадбиркорларга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Вилоят аҳолиси истеъмолидан ортиқча етиштириладиган маҳсулотлар, жумладан, 57 минг тонна картошка, 71,3 минг тонна сабзи, 101,9 минг тонна пиёз, 141,5 минг тонна гўшт, 577,2 минг тонна сут, 885 млн.дона тухум Тошкент шаҳри бозорларига ҳам йўналтирилади. Пойтахтдаги вилоятга бириктирилган «Яшил бозор» ҳудудига етказиб бериладиган маҳсулотлар алоҳида назоратга олиниб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи жамоаларнинг қатъий график асосидаги иш режими таъминланади.

Дарвоқе шундай. Тошкент вилояти мамлакат пойтахтининг азалий кўмакчиси бўлиб келган. Айниқса, Тошкент шаҳри бозорларини мева-сабзавот, полиз ва боғдорчилик маҳсулотлари билан таъминлашда Қибрай, Бўстонлиқ, Тошкент, Пискент туманларида йиллар давомида яратилган тажриба мактаблари, ибратли анъаналари муҳтарам Президентимизнинг вилоятга бўлган талаб ва эътиборлари асосида қайта шаклланмоқда. Шу сатрларни ёзаётиб, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асаридаги мана бу жумлалар бугунги кунимиз учун нақадар аҳамиятли эканлигини англадим: «Оламнинг ободлиги деҳқонлардан, меҳнат аҳли шодонлиги улардан. Деҳқон ҳар қандай экин экишга қилса ҳаракат — элга ҳам озиқ-овқат етказур, ҳам баракат»,-дейди Навоий.

Вилоят ҳокими таъкидлаганидек, вазиятни доимий назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган. Жойлардаги барча сектор раҳбарларининг бу борадаги масъулият ва жавобгарлиги қатъий белгиланган. Албатта вазифалар қоғозда қолиб кетмаслиги лозим. Акс ҳолда, вилоят депутатлари кўриб чиққан масалаларнинг моҳияти, қадр-қиммати йўқолади. Шу боис, сессиядаги таҳлиллар натижаси хусусида сенаторлар фикрини билишга ҳаракат қилдик. 

—Йиғилишда вилоят аҳолисини 2021 йил май ойигача бўлган вақт давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби аниқлаб олинди,-дейди сенатор Маҳмуд Тоир. — Бу вазифаларни бажаришда албатта, бирламчи масъулият жойлардаги депутатлар ва секторлар раҳбарлари зиммасига юкланади. Бу муҳим вазифалар ижроси учун эса вилоятимизда имконият ҳам, шарт-шароит ҳам етарли. Фақат депутатлардан фаоллик зарур. Сабаби, чекка қишлоқлардаги аҳолининг талаб ва истаклари фақатгина, одамлар маҳаллий кенгашларга ишониб сайлаган вакиллари орқалигина марказга тез етиб келади. Қолаверса, бозорлардаги нарх-навони доимий назоратда ушлаб туриш катта меҳнат талаб этадиган жараён. Бу борада ўзи бўларчиликка сира ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Озгина хотиржамлик катта хатоларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, вилоят бозорларини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга, нархларни сунъий оширишга йўл қўймасликка барчамиз бирдек масъулмиз. Худога шукр, бу йил далаларимизда картошка, сабзи, карам, сабзавот ва полиз маҳсулотлари сингари такрорий экинлар ҳосилдорлиги юқори бўлди. Кузги картошкани йиғиштириб олишга энди киришилмоқда. Бўстонлиқ, Ўрта Чирчиқ, Зангиота, Тошкент, Паркент туманларида бу борадаги ишлар яхши йўлга қўйилган. Жорий йил якунигача вилоятда жами 3 млн 289 минг тонна сабзавот ва 459 минг тонна картошка ҳосили етиштириш имконияти мавжудлиги қайд этиляпти.

Қуйи Чирчиқ туманида эса шоличилик ривожлантирилмоқда. Булар бозорлардаги кунлик зарурий маҳсулотлар нарх-навоси барқарорлашишига олиб келади. Оҳангарон, Чиноз, Янгийўл ва бошқа ҳудудларда чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва кластерларни ривожлантириш орқали ички бозорларимизни арзонлаштирилган гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалий ҳаракатлар бошланди.

— Сессияда бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш бўйича 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, сектор раҳбарлари бошчилигида иқтисодий комплекс ва департамент ходимлари томонидан ишчи гуруҳлари тузилиб, кунлик мониторинг олиб борилиши алоҳида қайд этилди,-дейди биз билан суҳбатда вилоят Кенгаши депутати, Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Сайёра Файзиева. — Сессияда яна бир муҳим масала кўриб чиқилди. Бу — жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб вилоятдаги мавжуд 1031 та МФЙларида озиқ-овқат ва савдо дўконлари ҳамда кичик экобозорлар фаолиятини йўлга қўйишдир. Айни пайтда маҳаллий депутатлар ўзлари сайланган округларда бу вазифанинг ижроси қай йўсинда таъминланаётгани устидан барча жараёнларни назорат қилинишида ҳокимлик идораларига амалий ёрдам беришлари лозим.

Туман сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудуди бозорларидаги нарх-навони назорат қилиш борасида ишлаб чиқилган муайян тизим натижалари, яъни маҳаллаларда ташкил қилинган бозорчалар, савдо ярмаркалари, тадбиркор ва деҳқонларга яратилган шарт-шароитлар бўйича телекўрсатувлар ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига ҳисоботлар бериб борилиши таъкидланди.

Шунингдек, Сессияда кўриб чиқилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш жараёнига жалб этилувчи тадбиркорлик субъектларининг шакллантирилган рўйхатига асосан, 16,6 млрд сўм кредит маблағлари ажратилиши, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари, музлатгичли омборхоналар, логистика маркази ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 4 трлн. 873 млрд.сўм бўлган 179 та янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бозорларда нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш учун тузилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган кунлик мониторинг натижаларига кўра ҳар 15 кунда йўл қўйилган камчиликлар ва амалга ошириладиган ишлар бўйича барча сектор раҳбарлари иштирокида муҳокамалар ўтказилиб, зарур ҳолларда мутасадди раҳбарларга чоралар кўрилиши, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг тегишли доимий комиссияси томонидан муҳокама қилиниб, сессияларда кўриб чиқилиши белгиланди.

Сир эмас, барча жойда бўлганидек, вилоят бозорларида ҳам гўштнинг нархи муттасил ошиб борди. Бунга асосан, сохта тадбиркорларнинг ўзбошимчалик билан нархларни сунъий ошириши асос бўлди. Келгусида бу муаммони бартараф этиш юзасидан ҳудудда чорвачилик кластерларини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, хусусан, Оҳангарон туманида янгидан ташкил этиладиган чорвачилик кластерлари лойиҳаларини тўлиқ ишга тушириши ҳисобига қўшимча 10,8 минг тонна гўшт ва 98 минг тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Вилоятни жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан режалаштирилган умумий қиймати 78,7 млрд.сўм бўлган 12 та паррандачилик лойиҳаси ўз фаолиятини бошлади. Зангиота туманидаги «Ўзбекистон парранда» МЧЖ нинг фаолияти бунга мисол бўла олади.

Бўстонлиқ туманидаги «Бўстонлиқ картошкачилик маркази» МЧЖ, Янгийўл шаҳридаги «Пиканто Фут» МЧЖлар таркибидаги музлаткичли омборхоналар захира мавсумига тайёрланганлиги алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳудуддаги 16 та деҳқон бозори ва улардаги «Элга хизмат» бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини воситачиларсиз сотилишини таъминлаш мақсадида бозорларнинг олд қисмларида тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари билан шартнома асосида бозор тўловларидан чегирмалар яратилиб маҳсулотлар савдоси ташкил этилмоқда.

Сессия сўнггида вилоят ҳокими Рустам Холматов бу ва бошқа долзарб вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий кенгашлар депутатларидан фаолликни талаб қилди. Аҳолини арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда уларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш лозимлигини уқтирди. Одамларни қийнаётган муаммоларни тезда бартараф этиш айнан депутатнинг бирламчи вазифаси эканлиги қайта-қайта эслатилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва сессия ўз ишини якунлади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(“Халқ сўзи”)

Нозим Абдуллоҳ олган суратлар

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?