Сессияда 10 йилдан буён ҳал бўлмай келаётган муаммо муҳокама марказида бўлди

16:53 30 Август 2020 Сиёсат
554 0

29 август куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Китоб туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва тумандаги давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Сессияда бугунги кунда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Китоб туманида ҳам пандемия туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатган ва кам қувват билан ишлаётган корхоналарни ишга тушириш орқали иш ўрнини йўқотган фуқаролар бандлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қизғин муҳокама қилинди.

Депутатлар томонидан 10 йилдан буён ҳал этилмасдан келаётган Китоб тумани марказида канализация тизими ишламаётганлиги масаласи кўтариб чиқишди.

— Табиатнинг бетакрор ва сўлим маскани бўлган Китоб тумани марказида канализация тизимининг ишламай туришини тасаввурга сиғдириб бўлмайди, — деди А.Хаитов. — Чунки Китоб хорижий сайёҳлар диққатини тортаётган масканлардан ҳисобланади. Муаммонинг 10 йилдан буён ҳал этилмасдан келаётганига маҳаллий раҳбарларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги ва туман Кенгаши депутатлари ўзларига берилган ваколатни чуқур ҳис қилмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Албатта, бу ўта жиддий ва кўп маблағ талаб қиладиган иш. Бу муаммони шу ҳудуддан сайланган Олий Мажлис депутати ҳам ўз зиммасига олиши ва тегишли вазирликка депутатлик сўрови билан чиқиши лозим.

Сессияда аҳолига тадбиркорлик қилиши учун субсидия ажратиш, бўш турган давлат объектларини тадбиркорларга сотиш, аҳолига берилган томорқалардан мақсадли фойдаланиш каби масалалар бўйича депутатлар, тадбиркорлар ва тегишли ташкилот раҳбарлари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?