Сергей Лавров​ Корея ярим оролидаги муаммонинг қандай ечиш мумкинлигини айтди

16:04 31 Май 2018 Дунё
309 0
Фото: Life.ru

Россия КХДР бўйича барча жалб этилган томонлар манфаатларига тўғри келадиган келишувларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо билан учрашув якунларидан сўнг баёнот берди.

Россиялик дипломатнинг ташрифи КХДР ва АҚШ раҳбарлари Ким Чен Ин ва Дональд Трампнинг 12 июнь куни Сингапурда ўтказилиши режалаштирилаётган саммити олдидан, қолаверса, Жанубий Корея ва Шимолий Корея ўртасида мулоқотлар фаоллашган пайтда амалга оширилди. 

Хусусан, май ойининг ўзида Корея ярим оролидаги Пханмунжом чегара шаҳрида КХДР ва Жанубий Корея етакчилари Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин икки бор учрашди.

Маълумот учун, Лавров ушбу сафари арафасида Корея ярим оролидаги муаммолар бўйича ҳал қилувчи қарор ҳозиргача ҳеч ким бекор қилмаган фақат олти томонлама музокаралар формати (Россия, Хитой, КХДР, Корея Республикаси, АҚШ ва Япония)да қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳам фикр билдирганди.

“Корея ярим оролидаги ядро муаммоси КХДРга нисбатан санкциялар бекор қилинмагунча тўлиқ ечим топмайди”, - дейди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 12 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан КХДР томонидан олтинчи бор ядро синовлари ўтказилишига жавобан санкцияларни қатъийлаштиришга оид резолюция қабул қилинган эди. Унга кўра, Шимолий Корея тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олиш ва бу мамлакатга газ конденсатини олиб киришга тақиқ қўйилганди. Ўз навбатида, КХДРга нефть ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар экспортига чекланганди. Айни чоғда Шимолий Кореядан денгиз маҳсулотлари, тошкўмир, қўрғошин ва унинг рудаси, темир рудаси ва маҳсулотларини харид қилиш ман этилганди. Бу эса Пхеньян ташқи савдо қисмига сезиларли зарба беради. АҚШ томони маълумотига кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан амалга киритилган ҳамда бошқа янги санкцияларни қўллаш КХДРни хом ашё ва товар экспортидан келиб тушадиган даромадининг 90 фоизидан мосуво қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар