Сенаторлар яна бир Қонунни маъқуллади

16:14 11 Сентябр 2020 Сиёсат
157 0

Сенат аъзолари парламент юқори палатасининг еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.

Қонун билан 17 та қонунга, хусусан, 8 та кодекс ва 9 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Божхона кодекси ва Солиқ кодекси шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, мазкур Қонун билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги «Қурол тўғрисида»ги ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни билан ҳимоя ордери таъсис этилган эди. Лекин ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик масаласи очиқ қолган. Шу боис тазйиқ ўтказишга ва (ёки) зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди ва бу чекловларнинг бажарилишини яна бир бор кафолатлади.

Ўз ўрнида «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун янги банд билан тўлдирилиб, унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартиришларга кўра Жиноят кодексининг «Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш» учун жавобгарлик белгиловчи модданинг тегишли қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра жабрланувчи тараф нафақат ёш боланинг онаси, балки парвариш қилаётган унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.

Халқаро шартномаларда бошқача шартлар келишилмаган бўлса, хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида юк ва йўловчиларни республикамиз ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж) тақиқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган янги модда билан тўлдирилмоқда.

Давлат экология қўмитаси инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганлигини ҳисобга олиб, жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тегишли янги модда билан тўлдирилмоқда.

Юқорида киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ва ўз навбатида давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?