Сенаторлар Сайлов кодексини маъқуллади

11:45 28 Февраль 2019 Жамият
465 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Халқ сўзи online. Мунисхон Каримова. Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибидан жой олган. Айни пайтда уларни кўриб чиқиш жараёни бошланди.

Биринчи бўлиб Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.

Сайлов кодекси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳужжатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек Марказий сайлов комиссияси фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи сайлов тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бирхиллаштириш назарда тутилади.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида сайловга доир қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш миллий амалиётини умумлаштириш юзасидан муаяйн ишлар олиб борилди. Шунингдек 20 дан ортиқ мамлакатнинг, шу жумладан Франция, Голландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Белоруссия, Озарбайжоннинг тажрибаси, шунингдек халқаро сайлов стандартлари, шу жумладан ЕХҲТнинг ДИИҲБ тавсиялари, Венеция комиссияси таклифлари ўрганилди.

Сўзга чиққан сенаторлар қайд этганидек, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилиниши сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштиришга кўмаклашибгина қолмай, балки сайловга доир қонун ҳужжатларини ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади. Масалан, Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган нормаларга кўра Экологик ҳаракат вакиллари учун Қонунчилик палатасида депутатлар ўринларини квоталаш институти чиқариб ташланади, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлар ўринларининг умумий сони (150 та ўрин) сақлаб қолинади.

Шунингдек Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди.

Ҳам муддатидан олдин овоз бериш, ҳам сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат – сайлов бюллетени жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси қонун ҳужжатларидан чиқариб ташланмоқда. Сайловчиларга ўзи ёқлаб овоз берадиган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгилардан бирини (+, , Х) қўйиш имконияти берилмоқда.

Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда. Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Таъкидланганидек, Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Бунда сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши умумий қоидаларни ягона ҳужжатда бирлаштириш ва сайлов жараёнининг тартиб-таомилларига оид масалаларига, шу жумладан участка сайлов комиссиялари ишларига аниқлик киритиш, сайлов кампаниясининг ошкоралиги ва очиқлиги принципларини мустаҳкамлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019