Сенаторлар Қонунни рад этди

11:27 21 Октябр 2020 Сиёсат
328 0

Олий Мажлис Сенати саккизинчи ялпи мажлисида «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Қонунни тайёрлашга асос бўлган.

Мажлисда ушбу Қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги аниқланганлиги қайд этилди.

Хусусан, Қонуннинг 12-моддаси бешинчи ва 25-моддаси олтинчи хатбошиларини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида Қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган нормани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги 6044-сонли Фармони, яъни мазкур йўналишдаги фаолият лицензияланадиган фаолият турларига кирмаслиги тўғрисидаги талабга мувофиқлаштириш кераклиги ҳам қайд этилди.

Сенаторлар мазкур Қонунни рад этиш бўйича қарор қабул қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?