Сенаторлар қонунни Қонунчилик палатасига қайтарди

15:04 23 Август 2019 Сиёсат
247 0

Маълумки, она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озуқа ҳисобланади. Кўкрак сутининг таркибида чақалоқнинг соғлом униб-ўсиши ва унинг организмининг ривожланиши учун зарур бўлган ҳамма микро ва макро элементлар мавжуд. Бу каби моддаларни гўдакнинг организми бошқа озуқадан ўзлаштира олмайди. Ундан ташқари, уни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи иммун тизимини таъминловчи тизим таначалари фақат она сути орқали ўзлаштирилади. Она сути таркибидаги тоуринг моддаси эса боланинг ақлий салоҳияти шаклланишида, яъни бош миянинг ривожланишида жуда катта аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан, болаларни она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар томонидан ишлаб чиқилган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси монидан 2019 йил 12 июль куни қабул қилиниб, 16 июль куни Сенатга кўриб чиқиш учун келиб тушди.

Қонуннинг мақсади она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашдан иборатдир.

Қонун сенаторлар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисслари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, Қонунни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур, деган хулосага келинди.

Сабаби, биринчидан, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим нормалар Қонун номи ва мақсадларига тўғри келмайди, яъни Қонуннинг 2-бобида гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир нормалар киритилмоқда. Бу эса Қонуннинг предмети ҳисобланмайди, аҳолини сифатли ва хавфсиз болалар маҳсулоти билан таъминлаш эса “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва ҳавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Шу муносабат билан ушбу нормаларни Қонундан чиқариб ташлаш зарур ҳисобланади.

Иккинчидан, Қонуннинг 3-моддасидаги “она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар”, яъни гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун саноат асосида ишлаб чиқарилган, кимёвий таркиби ва озиқлик қиммати бўйича она сутига яқинлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари асосий тушунчалардан бири ҳисобланади.

Бироқ, қонун ижодкорлари Халқаро Тўплам тавсияларига зид равишда “кимёвий таркиби ва озиқлик қиммати бўйича она сутига яқинлаштирилган” иборасидан фойдаланиб, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни энг идеал маҳсулот сифатида талқин қилишга ҳаракат қилишган.

Қонуннинг 7-моддасида давлат назоратини амалга оширувчи органлар доираси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу Қонун талабларига риоя этилиши, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги учун жавоб бериши назарда тутилган.

Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича қоидаларни татбиқ этишнинг аниқ механизми очиб берилмаган. Бу эса Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида ўз аксини топган тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш тўғрисидаги талабга зид келмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши репродуктив ёшдаги, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни қўллаб-қувватлашга, ҳаётининг илк кунларидан бошлаб гўдакларнинг тўғри овқатланишини, уларнинг соғлом ўсишини, ақлий ривожланишини таъминлашга, чақалоқлар ва болалар орасида касаллик ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш бўйича тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиши керак.

Бироқ, юқоридаги талаблар Қонунда тўлиқ тартибга солинмаган.

Шу нуқтаи назардан, Қонун ўзининг мақсадида белгиланган барча муносабатларни қамраб олмайди ва ўз концепциясига мос келмайди, Қонун нормаларининг мазмуни эса унинг номларига тўғри келмайди.

Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг муҳимлиги ва аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу Қонун концепциясини қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, халқаро нормаларни имплементация қилиб, уни такомилига етказишни, шунингдек, амалдаги қонунларни хатловдан ўтказиш ва уларга ушбу Қонуннинг қоидаларини киритиш ва шу орқали такрорланишнинг олдини олишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Қонунни Қонунчилик палатасига қайтариш ва такомилига етказиш тўғрисидаги қарор сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019