Сенатнинг 19-ялпи мажлисида қандай қонунлар кўриб чиқилади?

17:31 30 Апрель 2019 Сиёсат
1274 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий тараққиётига оид бир нечта қонунлар кўриб чиқилиши билан бирга, жамият ҳаётидаги муҳим йўналишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари эшитилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш — иқлимимизга мос

Ёлқин КАБУЛНИЯЗОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Парламент юқори палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани тараққий эттиришга хизмат қилиши баробарида, соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, инновациялар ва илмий амалиётнинг ёрқин натижалари, ишланмаларни жадаллик билан ишлаб чиқаришга жорий этишга замин ҳозирлайди.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергетика чекка, тоғли ва узоқ ҳудудларнинг энергия таъминотида иқтисодий асосланган ягона энергия манбаи бўлиб хизмат қилади. Юртимизнинг иқлим шароитида шамол, қуёш ресурслари, кичик гидроэнергетика, биомасса ва геотермал энергиядан фойдаланиш ва фаол ўзлаштириш келгуси авлодлар учун табиий бойликларни сақлаб қолиш, экологияни яхшилашнинг муҳим шарти саналади.

Инвесторларга яна бир қулайлик

Мавлуда ИМОМОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Кун тартибига “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун ҳам киритилган. Ушбу ҳужжат хусусий мулкни янада ривожлантириш, айни пайтда фойдаланилмаётган ер участкаларини фуқаролик айланмасига жалб қилиш орқали хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва унинг самарали ишлатилишини таъминлашга қаратилган.

Ҳужжат асосида ер участкаларини хусусийлаштириш принциплари ўрнатилади ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар рўйхати тузилади. Яъни ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқини тугатиш ҳамда ер участкаларига тегишли кўчмас мулк объектларини олиб қўйишнинг алоҳида ҳолатлари назарда тутилган. Шунингдек, мулк эгасига етказилган зарарларнинг бозор қийматида қопланиши кафолатланади.

Янги конвенцияга аъзо бўлиш Ўзбекистонга нима беради?

Тоҳир БАҲРОНОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақида”ги конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольмда қабул қилинган ва 2004 йилдан эътиборан кучга кирган. Ҳозирги кунда 182 та мамлакат конвенция иштирокчилари ҳисобланади.

Конвенция мажбурий характерга эга бўлиб, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофаза қилиш мақсадида уларни кескин қисқартириш ҳамда ташланмаларини тўхтатишга қаратилган. Дастлаб ҳужжатда одам организми ва экотизимларда қайтмас ўзгаришлар чақирувчи 12 та хавфли бирикма белгиланган бўлса, кейинги тўлдиришларни ҳисобга олган ҳолда 26 та моддани ишлаб чиқиш ҳамда фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлашга йўналтирилган.

“Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (2001 йил 22 май, Стокгольм) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва Конвенцияга аъзолик Ўзбекистонга табиат муҳофазаси билан боғлиқ масалаларда бир неча имкониятлар ҳамда имтиёзлар, амалий ёрдам олиш имконини беради.

Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси 2019 йил 3 май куни соат 10.00 да Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислар залида очилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари 2019 йил 2 май куни соат 9.00 дан 18.00 га қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносининг фойесида рўйхатга олинади.

Мунисхон КАРИМОВА (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019