Сенат раиси: “Юртбошимизга елкадош бўлишга бурчлимиз, керак бўлса, мажбурмиз”

10:36 28 Февраль 2019 Жамият
1005 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Халқ сўзи online, Мунисхон Каримова. Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисини очиб берган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўз кириш сўзида яна қуйидагиларга тўхталиб ўтди.

“Халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан кейингина биз қишлоқ аҳолиси қандай оғир шароитларда кун кечираётганига яна бир карра амин бўлдик.

Бундай шароитни тубдан яхшилашга қаратилган,аниқ режалар ва молиявий манбалар асосида амалга оширилаётган ишлар эса, қишлоқ аҳли турмушида том маънодаги инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди.

Ўтган йилнинг ўзида 3 трлн. сўмлик маблағ эвазига 420 га яқин қишлоқнинг янгича қиёфага киргани фикримиз далилидир.

Муҳтарам Президентимизнинг қарорига мувофиқ эса,жорий йилда 4,8 трлн. сўм харажат эвазига159 та тумандаги қарийб 480 та қишлоқ, таъбир жоиз бўлса, қайтадан дунёга келади.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Замонавий иқтисодиёт ривожи ва халқ фаровонлигининг муҳим омилларидан бўлган инвестицияларни янада кенг жалб этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши замирида ҳам ана шу вазифа бажарилишини сўзсиз таъминлаш мақсади ётибди.

2019 йилги инвестиция дастури асосида барча манбалар ҳисобидан 112,2 трлн. сўмликдан зиёд ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.

Мазкур капитал қўйилмаларининг 34 трлн. сўмликдан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Қолаверса, мамлакатимиз йил бошидаёқ ушбу йўналишда оламшумул ютуққа эришиб, ўзининг молиявий тарихидаги янги саҳифасини очди: 13 февраль куни Ўзбекистон илк бор 1 млрд. долларлик давлат облигацияларини Лондон фонд биржасига муваффақиятли жойлаштирди.

Натижада мамлакатимизнинг давлат халқаро евробондларига талаб 8 млрд. доллардан ошиб кетди.

Бугун ялпи мажлисда бу каби фактларни келтиришимиздан мақсад ҳар биримиз ҳозир қандай даврда яшаётганимизни, бу даврнинг талаблари нималардан иборатлигини, Ўзбекистон қандай юксак марраларни кўзлаганини, мақсадлар ва уларнинг рўёби учун ишга солинаётган ресурсларнинг нечоғлик улкан эканлигини чуқур ҳис қилишимиз зарур.

Юқорида тилга олинган режалар ва рақамлар остида,умуман ислоҳотлар замирида қандай оғир масъулият юки турганини ҳаммамиз ҳис қилишга ва бундай масъулиятни қатъий ирода ҳамда журъат билан ўз зиммасига олаётган муҳтарам Юртбошимизга елкадош бўлишга бурчлимиз, керак бўлса,мажбурмиз.

Бинобарин, Давлатимиз раҳбари барчамизни ўзгаришга даъват этиб,“инсон ўзгарса,жамият ўзгариши”ни уқтирдилар.

Зотан, халқ билан, турли соҳа ва тармоқларда,ҳудудларда фаолият олиб бораётган фидойи ва ташаббускор инсонлар билан мулоқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ҳали жамиятдаги муаммоларнинг аниқланганидан аниқланмагани, долзарб масалаларнинг ҳал этилганидан ҳал этилмагани кўпроқ“.

Сенат ялпи мажлисини сайтимиз орқали онлайн тарзда ёритиб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019