Сенат Раиси мактаб дарсликларини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишдаги жиддий камчиликлар, хатолар ва бошқа мавҳумликлар ҳақида гапирди

10:53 28 Февраль 2019 Сиёсат
505 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”/ Мунисхон Каримова. Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев ўз кириш сўзида таълим, хусусан, дарсликлар ва уларни тайёрлаш жараёнидаги оғриқли муаммолар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Сизларга яхши маълум, ҳар қандай миллат ва мамлакат тамаддунининг ибтидоси таълим, яна ҳам аниқроқ айтсак, мактабдир.

Шу боис давлат ижтимоий соҳалар ичида мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратади.

Зотан, айнан мактаб миллат истиқболининг бешигидир ва унда юртнинг келажаги вояга етади.

Ўзбекистон давлат бюджетининг харажатларида умумтаълим соҳаси етакчи ўринни эгаллаб келаётганини ҳам, аввало, ана шу жиҳат билан изоҳлаш мумкин.

Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларнинг моддий-техника базаси, соҳа ходимлари учун шарт-шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бораётган бир шароитда таълим сифати ва натижадорлик кутилганидек эмас.

Бунинг асосий сабабларидан бири — мактаб дарсликларини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда йўл қўйилаётган жиддий камчиликлар, хатолар ва бошқа мавҳумликларда, деб биламиз.

Эътибор беринг: сўнгги уч йилда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 млрд. сўм маблағи эвазига 98 млн. нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилган.

Аммо уларни яратишга оид мукаммал ҳуқуқий асослар шу пайтга қадар тўлиқ шаклланмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сонли қарори билан тасдиқланган “Дарсликларни ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркибини танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда эса, дарсликлар лойиҳасини тегишли фан ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқиш, экспертлар гуруҳи томонидан бу лойиҳаларни қандай мезонлар асосида баҳолаш тартиби белгиланмаган.

Оқибатда, илк босқичдаёқ дарсликлар ўқув дастурларига мувофиқ тайёрланмаган.

Бунинг устига, Ҳукуматнинг ушбу қарорига мувофиқ, дарсликларни танлаб олиш бўйича комиссияга келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборот сир сақланиши белгилаб қўйилган.

Бу эса, дарсликлар лойиҳаларини шаффоф баҳолаш,улар юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг, тегишли эксперт ва бошқа мутахассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини деярли йўққа чиқарган.

Вафот этган муаллифларнинг дарсликларини қайта нашр қилиш тартиби ҳам аниқ белгиланмаган. Оқибатда дарсликлар қатор ўзгартиришлар билан марҳумлар номидан чоп этилмоқда.

Масалан, 7-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг муаллифи А. Муҳаммаджонов 2016 йилда вафот этган. Бироқ, унинг дарслигидаги барча мавзулар қайта ишланган, 6 та мавзу янгидан ёзилган ва дарслик 2017 йилда марҳум муаллиф номидан қайта нашр этилган.

Дарсликларнинг тендер савдолари орқали ғолиб бўлган турли нашриётларда нашр этилиши ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини, шунингдек, предметлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

Дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликлар кўпайиб кетганлиги ўқитувчи ва ўқувчиларни чалғитмоқда.

Жумладан, 8-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг 21-мавзусида Хива хонлигида ҳунармандчиликнинг 27 соҳаси мавжуд бўлгани ҳақида ёзилса, шу дарсликнинг 24-мавзусида мазкур хонликда ҳунармандчиликнинг 50 дан ортиқ тури мавжуд, деб маълумот берилган.

8-синф “Жаҳон тарихи” дарслигининг 12-мавзусида Англияда монархиянинг қайта тикланиш даври деб 1660 йил кўрсатилган бўлса, айнан шу дарслик охирида келтирилган муҳим тарихий саналарда бу давр 1688 йил, деб кўрсатилган.

Бундай мисолларни бошқа фанлар бўйича дарсликларда ҳам кўплаб учратиш мумкин.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017йил 6 апрелдаги 187-сонли қарори талабларига зид равишда умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури таянч ўқув режага номувофиқ тарзда ва амалиёт билан боғланмаган ҳолда ишлаб чиқилган.

Масалан, 1-синф “Ёзув дафтари”да айрим ҳарфлар “Алифбе” дарслигида ўтиладиган вақтга тўғри келмайди.

3-синф “Она тили” дарслигини болалар ўқув йили тугамасидан анча олдин ўқиб бўлмоқда.

10-синф “Биология” дарслигининг камида 12 соатлик дарсларда ўқитилиши лозим бўлган бутун бошли боблар битта 45 дақиқали дарсда ўтилмоқда.

Аксарият ҳолларда, дарсликлар назариётчи олимлар томонидан амалиётдан йироқ ҳолда яратилмоқда. Ушбу жараёнга тажрибали мактаб ўқитувчилари етарли даражада жалб этилмаяпти.

Оқибатда назарияга ортиқча “ботиб” кетган айрим мавзулар ва топшириқлар ўқувчилар ёшига нисбатан ўта мураккаб тарзда баён этилмоқда, уларни ўзлаштириш ғоят оғир ёки амалда умуман мумкин эмас.

Масалан, 1-синф ўқувчиларига илк ўқув йилининг бошиданоқ турли ҳарфлардан иборат сўзларни топиш машқлари берилган.

Оқибатда мурғак бола ҳали танимаган ҳарфини ёзишга, улардан ёзма сўз тузишга “мажбурланмоқда”.

3-синф “Математика” дарслигининг 70-бетида, қавсдан чиқариш амаллари ўргатилмаган бўлса-да, 9 ёшли болага қўш қавсли мураккаб тенгламани ечиш топшириғи берилган.

Бундай мисолларни 3-синф математика, 5-синф география ва 7-синф “Физика” фанлари бўйича дарсликлардаги мураккаб топшириқлардан ҳам келтириш мумкин.

Кўп ҳолларда, дарсликлар фақат бир муаллиф томонидан яратилаётгани ҳам уларнинг сифати ва мазмунига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун умумтаълим мактабларида ўқитилаётган 19 та дарслик якка муаллифлар томонидан яратилган.

Ҳар бир дарслик бўйича тажрибали, етарли илмий-амалий ва педагогик салоҳиятга эга бўлган муаллифлар жамоаси шакллантирилмаган.

Ҳаттоки, айрим дарсликлар бўйича Низом талабларига зид равишда Илмий-методик кенгаш аъзоларидан камида учта тақриз олинмаяпти.

Бундан ташқари, дарсликлар лойиҳалари Илмий-методик кенгаш томонидан чуқур таҳлиллар асосида жиддий муҳокама қилинмаяпти”.

Сенат ялпи мажлисини сайтимиз орқали онлайн тарзда ёритиб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019